Тўкаев барча ядровий давлатларни музокараларга чақирди
World
−
12:14 663 3 minutes
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ядровий давлатларни музокаралар ўтказишга ва ядровий синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартномани тезроқ кучга киритишга чақирди. Бу ҳақда Тўқаевнинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Қозоғистон ташаббуси билан таъсис этилган 29 август – Ядровий синовларга қарши халқаро ҳаракат куни муносабати билан йўллаган мурожаатида сўз боради.
Қайд этилишича, Қозоғистон раҳбари мурожаатномасида 35 йил аввал мураккаб халқаро вазиятда Семипалатинск ядровий полигони ёпилганини таъкидлаган.
“Тўлиқ 35 йил аввал мураккаб халқаро вазиятда Семипалатинск ядровий полигони ёпилди. Ўнлаб йиллар давомида у инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зарар етказиб, халқимиз тақдирида оғриқли из қолдирди”, деган Тўқаев.
Президентнинг таъкидлашича, ушбу сана бутун инсоният учун ядровий синовларнинг фожиали оқибатларини эслатиб туради ҳамда бундай синовларга келгусида йўл қўймасликка чақириқ бўлиб хизмат қилади.
Тўқаев, шунингдек, Қозоғистон дунёдаги ҳажми бўйича тўртинчи йирик ядровий арсеналдан ихтиёрий равишда воз кечганини ҳам қайд этган.
“Сайёрадаги ҳажми бўйича тўртинчи йирик ядровий арсеналдан ихтиёрий равишда воз кечиб, Қозоғистон тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш йўлини танлади. Бу қарор қозоғистонликларнинг орзу-интилишларини амалга оширди ва давлатимизнинг келажак авлодлар тақдири олдидаги масъулиятини намоён этди”, деган у.
Президент мамлакат ташқи сиёсатининг асосий тамойилларидан бири барча давлатлар билан тинчлик ва дўстликка интилиш эканини таъкидлаган. Ушбу тамойил Қозоғистоннинг янги конституцияси муқаддимасида ҳам мустаҳкамланган.
“Мамлакатимизнинг дунёдаги антиядровий ҳаракат етакчиларидан бири сифатидаги позицияси ўзгармас: биз ядровий давлатлар ўртасида музокаралар ўтказишга, Ядровий синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг тезроқ кучга киришига ҳамда ядровий қуролдан фойдаланиш таҳдидини бартараф этиш мақсадида қатъий кўп томонлама чоралар кўришга чақирмоқдамиз”, деган Тўқаев.
Қозоғистон раҳбари атом энергияси фақат бунёдкорлик мақсадларига хизмат қилиши кераклигини алоҳида таъкидлаган. Унинг айтишича, умуммиллий референдумда Қозоғистон халқи ядровий энергетикани ривожлантириш курсини қатъий қўллаб-қувватлаган.
Маълум қилинишича, Тўқаев бу қарор мамлакатнинг иқтисодий, илмий ва технологик тараққиёти учун ўнлаб йилларга мўлжалланган мустаҳкам пойдевор яратганини билдирган.
Президентнинг қайд этишича, мазкур стратегик танлов Қозоғистоннинг барқарор ривожланишида янги босқични бошлашга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланади. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар “Адолатли, тараққий этган ва тоза Қозоғистон”ни барпо этишга қаратилган.
“Ишончим комил, биз биргаликда бу юксак мақсадга эришамиз”, дея хулоса қилган Тўқаев.
Маълумот учун, Семипалатинск ядровий полигони (ҳозирги Абай вилояти, Қозоғистон) – Совет Иттифоқининг энг йирик ядровий синов майдонларидан бири бўлиб, 1949-1989 йилларда фаолият юритган. Унинг умумий майдони 18 500 квадрат километрдан ортиқ бўлиб, 40 йил давомида бу ерда 456 та ядровий портлаш содир этилган.
Радиация оқибатида 1,5 миллиондан ортиқ инсон жабр кўрган. Маҳаллий аҳоли орасида саратон (онкология), туғма ногиронлик, генетик мутациялар ва руҳий касалликлар даражаси кескин ортиб кетган. Шунингдек, портлашлар оқибатида радиоактив моддалар (плутоний, стронций, цезий) тупроқ, сув ва ҳавога тарқалиб, улкан ҳудудларни заҳарлаган.
Халқнинг кучли норозилиги ва “Невада – Семипалатинск” ҳаракати сабабли полигон 1991 йил 29 августда расман ёпилган. Бугунги кунда ушбу сана бутун дунёда Ядровий синовларга қарши халқаро кураш куни сифатида нишонланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши аппаратининг мақомини ўзгартирувчи фармонни имзолаганди. Унга кўра, эндиликда Хавфсизлик кенгаши аппарати бевосита давлат раҳбарига бўйсунадиган ва унга ҳисобдор бўлган алоҳида давлат органи сифатида фаолият юритади.
Live
All