Тўқаев муҳим ҳужжатдан Назарбоевнинг исмини ўчирди

World

image

Кеча, 19 август куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Ташқи сиёсат концепциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда бир қатор таърифлар янгиланди, хусусан, концепциядан биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг номи чиқариб ташланди. Бу ҳақда “Inbusiness.kz” хабар берди.

Аввалги таҳрирда Қозоғистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари қаторида “мамлакат ривожланишининг янги босқичида биринчи президент – элбоши Нурсултон Назарбоевнинг ташқи сиёсий позицияси изчиллиги” кўрсатилган эди. Янги таҳрирда ушбу банд бошқача шакллантирилган: “мамлакат ривожланишининг янги босқичида ташқи сиёсий позициянинг изчиллиги”.

Концепциядан, шунингдек, Назарбоевга ташқи сиёсатнинг энг муҳим масалалари бўйича Қозоғистон халқига, давлат органлари ва мансабдор шахсларига ташаббуслар билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи абзац ҳам чиқариб ташланган. Ҳужжатда илгари бу ҳуқуқ унинг “тарихий миссияси” ҳамда “Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – элбоши тўғрисида”ги Конституциявий қонун қоидалари билан асосланган эди.

Ўзгаришлар Қозоғистонни ташқи сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш воситаларига ҳам дахл қилган. Илгари жаҳон ҳамжамиятини мамлакатнинг минтақавий ва глобал сиёсат ҳамда иқтисодиёт соҳасидаги ёндашувлари ва ташаббусларидан хабардор қилиш, хусусан, Остона иқтисодий форуми, Евроосиё медиа форуми ва “Astana Club” орқали амалга оширилиши режалаштирилган эди. Янги таҳрирда ушбу рўйхатдан фақат Остона халқаро форуми қолган.

Ўзгаришларнинг алоҳида блоги мамлакат сиёсий тизими билан боғлиқ. Концепцияга Қурултойнинг Қозоғистоннинг қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи олий вакиллик органи экани ҳақидаги таъриф киритилган.

Фармон имзоланган кунидан эътиборан кучга киради.

Маълумот учун, Қозоғистоннинг 2030 йилгача бўлган Ташқи сиёсат концепциясининг аввалги таҳрири 2020 йилнинг мартида тасдиқланган. Ҳужжат дунёдаги ва минтақадаги вазиятнинг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда мамлакат ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб беради.

Нурсултон Назарбоев 1991 йилдан 2019 йилгача Қозоғистон президенти лавозимини эгаллаган. Лавозимини тарк этгач, у ўзида миллат етакчиси унвонини сақлаб қолган. Бу унга умрбод имтиёзларни тақдим этган. Масалан, у ушбу лавозимда ва ундан кейин биринчи президент мақомида содир этган ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас эди. Қозоғистон Конституциявий суди “Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – элбоши тўғрисида”ги қонунни 2023 йилнинг бошида бекор қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қосим-Жомарт Тўқаев Нурсултон Назарбоевдан мерос бўлиб қолган Қозоғистон Халқ Ассамблеясини тугатиб, унинг ўрнига янги платформа тузишни таклиф қилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends