Тўқаев Назарбоевнинг яна бир мероси устидан тупроқ тортди
Олам
−
20 Январь 40867 3 дақиқа
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Биринчи Президент Нурсултон Назарбоевдан мерос бўлиб қолган Қозоғистон Халқ Ассамблеясини тугатиб, унинг ўрнига янги платформа тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 20 январь куни Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишидаги чиқиши чоғида айтиб ўтди.
Тўқаев умуммиллий мулоқотни ўтказиш учун платформа сифатида Қозоғистон Халқ кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
“Ислоҳотларнинг янги босқичида Қозоғистонга ижтимоий тараққиётнинг барча масалалари бўйича умуммиллий мулоқотни мунтазам ўтказиш учун кенг платформа ёки минбар зарур. Ушбу платформа халқимизнинг бирдамлиги ва жипслигига ҳисса қўшадиган асосий ижтимоий-сиёсий бирлашмалар ва тузилмаларни ўз ичига олади”, дейди Тўқаев Миллий қурултой йиғилишида.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон халқи ассамблеяси ва Миллий қурултойнинг тарихий аҳамиятга эга миссиялари амалда муваффақиятли якунланди.
“Янги институт сифатида Қозоғистон халқ кенгашини ташкил этишни таклиф қиламан”, дейди Президент.
Унинг қайд этишича, Халқ кенгаши ўз моҳиятига кўра, бошқа мамлакатларнинг маслаҳат тузилмалари тажрибасини ўзида мужассам этган янги давлат органига айланади. Унда барча элатлар, аҳоли гуруҳлари ва ҳудудлар ўз вакилларига эга бўлади.
Қозоғистон Халқ кенгаши мамлакатнинг олий маслаҳат органи мақомига эга бўлади. Кенгаш таркибини 126 кишидан шакллантириш таклиф этилди: 42 нафари – этномаданий бирлашмалардан, 42 нафари – йирик жамоат бирлашмаларидан, 42 нафари – маслиҳатлардан (маҳаллий вакиллик органларидан – таҳр.) ва минтақавий жамоатчилик кенгашлари.
Халқ кенгашининг барча аъзолари Президент томонидан тайинланади, раис эса унинг аъзолари томонидан сайланади.
Халқ кенгашининг олий органи йилига камида бир марта чақириладиган сессия бўлиши режалаштирилмоқда. Кенгашга Қозоғистон халқи ассамблеясининг миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик масалалари бўйича базавий функцияси ўтказилади.
“Шу билан бирга, янги орган ички сиёсатни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга ҳам эътибор қаратади, давлат мафкураси, шунингдек, конституция ва давлатимизнинг бошқа муҳим ҳужжатлари қоидаларини тарғиб қилиш ва тушунтириш билан шуғулланади”, дея аниқлик киритди Қозоғистон Президенти.
Қозоғистон Халқ Ассамблеяси 1995 йилда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан мамлакатдаги турли этник гуруҳлар ўртасидаги тотувлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган. 2021 йилнинг апрелигача Ассамблеяга Нурсултон Назарбоевнинг ўзи раҳбарлик қилиб келган ва бу лавозим унга умрбод берилган эди.
2021 йил 29 апрелда Нурсултон Назарбоев ҚХА раиси ваколатларини амалдаги Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширишга қарор қилди. Ассамблея аъзоларининг умумий таклифига биноан, Назарбоевга ҚХАнинг фахрий раиси мақоми берилди.
2022 йилда содир бўлган “қонли январь” фожиаларидан сўнг Назарбоевнинг мамлакат сиёсатидаги таъсири кескин камайди. Парламент қарори билан у ҚХА ва Хавфсизлик кенгаши раиси ўлароқ умрбод ваколатларидан маҳрум этилди. 2022 йилдаги конституциявий референдум эса уни Элбоши мақомидан ҳам маҳрум қилди.
Live
Барчаси