Тўқаев Қуролли кучлар Бош штабига янги раҳбар тайинлади
World
−
11:58 1296 3 minutes
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Айтқурман Умарбековни Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Республика Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи этиб тайинлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Каспий денгизи қирғоқларида ўтказилган ҳарбий машғулотлар чоғида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганидан сўнг Қозоғистон Мудофаа вазирлигидаги кадрлар ўзгариши давом этмоқда. Жорий йилнинг 24 сентябрь куни идора об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши ва шамол кучайиши сабабли 17 нафар ҳарбий денгизчини денгизга оқизиб кетгани, улардан 14 нафари ҳалок бўлгани, уч киши қутқариб олинганини хабар қилган эди.
“Давлат раҳбарининг фармойиши билан Умарбеков Айтқурман Жўламанович Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қозоғистон Республикаси Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи этиб тайинланди. У илгари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Янги тайинловга қадар Умарбеков Давлат қўриқлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари – Махсус топшириқли кучлар қўмондони лавозимини эгаллаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Каспийдаги фожиадан сўнг Тўқаев Хавфсизлик кенгаши аппаратига Мудофаа вазирлиги билан биргаликда ўн кунлик муддатда ҳарбий ислоҳот режасини тақдим этишни топширди. Президент, шунингдек, қўмондонлик тизимини қайта қуриш ва бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишни талаб қилди. Шунингдек, Мудофаа вазири Даурен Косанов лавозимидан озод этилди. Унинг ортидан Тўқаев яна уч нафар юқори лавозимли ҳарбий хизматчини лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармойишни имзолади.
Манғистаудаги фожиа
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида Каспий денгизи соҳилида метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши сабабли ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.
Мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларида денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетганини билдирган эди. Ўша пайтда 9 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани қайд этилган. Кейинроқ, Манғистау вилояти ҳокимлиги денгизга оқиб кетганлар сони 17 нафар эканини маълум қилди.
Ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган, ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев юборилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва фожиани тергов қилиш бўйича топшириқлар берган. Бундан ташқари ҳодиса ортидан мамлакат Мудофаа вазирлигининг 5 нафар мансабдор шахси қўлга олинган.
Оқтовда Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари бекор қилинган. Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фожиа муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ҳарбийлар рўйхатида 2006 йилда Қорақалпоғистонда туғилган Олмос Юсуф ўғли Кобенов ҳам бор.
Live
All