Трамп FIFA можаролари фонида Инфантинони қўллаб-қувватлади

Sport

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Жанни Инфантинонинг Халқаро футбол  федерацияси (FIFA) президенти лавозимидан истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги гапларни хато деб атади. Бу ҳақда Трамп ўзининг Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.

“Агар FIFA қандайдир сабабга кўра ўз президенти Жанни Инфантинони алмаштиришни ўйлаётган бўлса, бу даҳшатли хато бўлар эди. У аввалгиларидан тўрт баравар муваффақиятли бўлган Жаҳон чемпионатини бошқаргани учун жуда яхши раҳбар. Агар Инфантино кетса, Жаҳон чемпионатлари энди ҳеч қачон муваффақиятли ёки даромадли бўлмайди”, деб ёзди Трамп.

Аввалроқ, FIFA федерациянинг тижорий ва турнирларни ташкил этиш фаолиятини бирлаштирувчи FIFA Forward Enterprise (FFE) ташкилотини тузиш режасини эълон қилган ва хусусий инвесторларни ундаги улушларни сотиб олишга таклиф қилган эди.

Ушбу таклиф UEFA томонидан салбий қабул қилинди. Шунингдек, Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш таҳдидлари ҳам билдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Кейинчалик FIFA Жанни Инфантинонинг баёнотини эълон қилди. Унда Инфантино лойиҳа атрофидаги баҳс-мунозараларни тан олган ва таклиф амалга оширилмаслигини маълум қилган.

Маълумот учун, Инфантино 2016 йилдан бери FIFA президенти лавозимида ишлаб келмоқда. Швейцариялик амалдор 2019 ва 2023 йилларда ушбу лавозимга яна икки марта қайта сайланган. FIFA президентининг навбатдаги сайлови 2027 йилда бўлиб ўтади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends