Бир мамлакат, турли имкониятлар: нега ҳамманинг манзили Тошкент?
Review
−
19:56 840 3 minutes
Эрталаб Тошкент кўчаларига қарасангиз, бу шаҳар шунчаки пойтахт эмаслигини ҳис қиласиз. Кимдир ишга шошмоқда, кимдир университетга. Кимдир эса дардига даво излаб йўлга чиққан, яна кимдир янги иш умидида. Пойтахтга келаётганларнинг ҳикояси ҳар хил. Аммо уларнинг кўпчилигида битта умумий савол бор: “Агар келажагимни қурмоқчи бўлсам, нега айнан Тошкентда?” Qalampir.uz жамоаси бу мавзу юзасидан фуқаролар ўртасида сўровнома ўтказди ва масалани чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилди. “Нима сабабдан айнан Тошкентда фаолиятингизни олиб бораяпсиз?” дея фуқароларга юзландик. Жавоблар турлича. Бироқ ўхшашликлар ҳам йўқ эмас. Микрофон тутган йўловчиларнинг кўпчилиги пойтахтда ойлик даромад юқорироқ бўлгани учун шу ерда яшаётганини айтди.
“Мен шу ерда ўқийман ҳам, ишлайман ҳам. Ўзим бемалол ярим иш кунида топган пулимни контрактимга, еб-ичиш ва ижара харажатларимга етказа оламан”, дейди суҳбатдошлардан бири.
Яна бир йўловчи эса: “Вилоятда касбим бўйича иш топа олмадим. Топсам ҳам, ойлик даромади мени қониқтирмайди”, деди.
Демак, одамлар фақат “пойтахт зўр”, баланд-баланд бинолар борлиги учун эмас, балки ўз меҳнати эвазига кўпроқ даромад топиш ва профессионал ўсиш имкониятини излаб келади. Бундан келиб чиқадики, Тошкентнинг ўзига тортувчи асосий жиҳатларидан бири – иқтисодий имкониятлар. Аммо гап фақат маошда эмас. Тасаввур қилинг, бир ёш йигит вилоятда университетни тугатди. Энди унинг дипломи ва касби бор. Ишлашга иштиёқи ҳам етарли. Лекин ўз мутахассислиги бўйича иш топган тақдирда ҳам, маоши унчалик юқори эмас. Тошкентда эса шу касб бўйича бир нечта компания бор. Бирининг маоши юқори, иккинчисида тажриба орттириш имконияти мавжуд. Учинчисида эса хорижий компаниялар билан ишлаш, профессионал ўсиш ва янги танишлар орттириш мумкин. Шунда унинг олдида танлов пайдо бўлади: “Уйимга яқинда бўлайми ёки имкониятлар ортидан кетайми?” Кўпчилик иккинчи вариантни танлайди. Чунки бугунги меҳнат бозорида одам фақат иш жойини эмас, балки келажакдаги ривожланишини ҳам ўйлайди.
Бироқ Тошкентга интилишнинг ўз нархи ҳам бор. Кўпчилик буни кейинроқ тушунади. Масалан, иш ҳақи юқорироқ бўлиши мумкин, лекин уй-жой ва ижара харажатлари ҳам катта. Транспортга кўп вақт кетади. Катта тирбандлик ва шаҳарнинг доимий шовқинини айтмаса ҳам бўлади.
Менимча, гап фақат маошда эмас. Асл муаммо – мамлакатдаги имкониятларнинг ҳаддан ташқари марказлашиб қолганида. Биз талабаларга ҳам “Нега айнан Тошкентда ўқияпсиз?” дея савол бердик. Улар Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан пойтахтга келиб, нуфузли олийгоҳларда таҳсил олаётганини айтди.
“Мен Бухородан ўқиш учун келганман. Бу ерда ўқитувчилар ўз касбининг усталари, яхши билим беришади. Шу сабабли айнан пойтахтни танлаганман”, дейди сўровнома иштирокчиларидан бири.
Сўровномада қатнашган яна бир қиз эса шундай деди: “Мен Қашқадарёданман. Бу ерга ўқиш учун келганман. Агар бу ердаги олийгоҳлар устозлари билан бирга бизнинг Қашқадарёда ҳам очилганида, жон деб ўқирдим”.
Тошкентга фақат таълим ёки иш излаб келинмайди. Баъзилар учун пойтахт – малакали тиббий ёрдам олиш имконияти ҳамдир. Тошкентдаги кўпчиликнинг номини эшитгандаёқ хавотирга тушадиган шифохоналаридан бири – Республика онкология марказига бордик. Уч ой олдин ошқозондан операция бўлган бир киши суҳбатни марказ шифокорларидан миннатдорлик билдириш билан бошлади.
“Мен Жиззах вилоятидан келганман. Яқинда операциядан чиқдим, аҳволим яхши. Агар вилоятларда ҳам шундай катта муассасалар ва малакали шифокорлар бўлганида, янада қулай бўлар эди”, дейди у.
Батафсил YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Live
AllJizzaxda 10 yoshli qiz zo'rlandi
06 October