Telegram, Pinduoduo ва яна 9 та сервис блокланиши мумкин

World

image

Қирғизистон Солиқ хизмати хорижий компанияларни мамлакатда солиқ рўйхатидан ўтишга чақирди. Акс ҳолда, Pinduoduo, Telegram ва бошқа йирик сервисларга Қирғизистон ҳудудида кириш чекланиши мумкин. Бу ҳақда “Economist24” хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳозирга қадар Қирғизистонда 73 та хорижий компания солиқ рўйхатидан ўтган. Бироқ Солиқ хизмати ва тижорат банклари ҳамкорликда ўтказган таҳлил натижасида мамлакатда катта миқдорда молиявий айланмага эга бўлган, аммо ҳалигача солиқ ҳисобида турмаган 11 та йирик компания аниқланган.

Улар орасида Pinduoduo, Alibaba, Microsoft, Telegram, VK, Valve, Sony Interactive Entertainment, Epic Games, Electronic Arts, Twitch ва Dropbox бор.

Қайд этилишича, 2024–2025 йилларда Қирғизистон фуқаролари ушбу компанияларга жами 15,9 млнга яқин транзакция амалга оширган. Уларнинг умумий қиймати 13,2 млрд сомдан ошган.

Энг катта пул айланмаси Pinduoduo ҳисобига тўғри келган – 8,89 млрд сом. Кейинги ўринларда Alibaba – 2,83 млрд сом ва Microsoft – 1,01 млрд сом билан қайд этилган.

Қирғизистон Солиқ хизмати ушбу компанияларга бир неча бор расмий хатлар юборгани, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги орқали дипломатик каналлардан фойдаланилганини маълум қилди. Бироқ ҳозирга қадар компаниялардан жавоб олинмаган.

Қирғизистон Солиқ хизматининг огоҳлантиришича, агар хорижий компаниялар Қирғизистон қонунчилиги талабларини бажармасликни давом эттирса, уларнинг электрон сервисларига мамлакат ҳудудида киришни чеклаш масаласи кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Meta Австралияда 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чекловчи қонун кучга кирганидан сўнг 756 мингдан ортиқ шубҳали аккаунтни ўчиргани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends