Қирғизистондан яширинча пиротехника воситалари олиб кираётганлар ушланди (видео)

Crime

−

image

Фарғона вилоятида Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб кирилаётган 33 миллион сўмлик пиротехника воситалари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси хабар берди.

 

Маълум қилинишича, божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари олдиндан олинган маълумот асосида Божхона қўмитасининг тегишли бўлинмалари, “Фарғона” чегара божхона пости ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.

Унда Қирғизистон–Ўзбекистон йўналишида ҳаракатланиб, “Фарғона” чегара божхона постига кириб келган Labo русумли автомобиль текширилган. Текширув давомида транспорт воситасига аввалдан ясалган яширин қисмдан хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 12 минг донадан ортиқ пиротехника воситаси топилган.

Улар орасида “Соловей разбойник” ва “Трения” номли икки турдаги маҳсулотлар бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, умумий қиймати 33 миллион сўмни ташкил этади.

Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида Қирғизистондан Ўзбекистонга 301 минг 462 дона пиротехника буюмини ноқонуний олиб киришга уриниш фош этилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends