Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган қишлоқдаги уйларга ҳужжат берилди

World

−

image

Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Қора-Жонтак қишлоғида яшовчиларга 295 та хонадон учун давлат ҳужжатлари топширилди. Мазкур қишлоқ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш натижасида Ўзбекистон таркибидан Қирғизистонга ўтган. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Қайд этилишича, уй-жойларга оид давлат ҳужжатлари маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида аҳолига топширилган. Аввалроқ, қишлоқ аҳолиси Қирғизистон фуқаролигини тасдиқловчи паспортларни ҳам олган. Айни вақтда Қора-Жонтакда 1,2 минг нафарга яқин киши истиқомат қилади

Ҳозирда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, қиймати 38 миллион қирғиз соми бўлган 14 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи қурилиши бошланган. Шунингдек, қишлоқни суғориш суви билан таъминлаш учун 316 миллион сомлик лойиҳа тайёрланган. Уни яқин вақт ичида амалга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, қишлоқда ижтимоий объектлар қурилиши ҳам кўзда тутилган. Мактаб учун 1,76 гектар, болалар боғчаси учун эса 0,6 гектар ер майдони ажратилган.

Маълумот учун, Қора-Жонтак 2024 йилда Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти таркибидан Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой шаҳри юрисдикциясига ўтказилган. Бу икки давлат ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия келишуви доирасида амалга оширилган.

Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида Фарғона вилоятида жойлашган собиқ ўзбек қишлоқлари – Чонғара ва Тош-Тўбо ҳам Қирғизистон таркибига ўтган. Уларда жами 2,5 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Бунинг эвазига Қирғизистон Ўзбекистонга чегара ҳудудидаги майдони тенг ер участкаларини топширган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти таркибида бўлган Чўнғара ва Тош-Тепа қишлоқларини Қирғизистонга расман топшириш бўйича ташкилий-техник ишларни бошлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends