Татаристондаги фожиа: 8 нафар ўзбекистонликнинг ўлими ортидан махсус Ҳукумат комиссияси тузилди

Crime

image

Бугун, 10 август куни эрталаб Украина дронлари томонидан Татаристонга қилинган ҳужум оқибатида ўзбекистонлик қурбонлар сони 1 тага кўпайиб, 8 нафарга етди. Шунингдек, мазкур ҳодиса юзасидан Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Бош вазирнинг ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссияси тузилиши белгиланди. Бу ҳақда Фавқулотда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг маълум қилишича, ушбу ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳри ҳудудида фаолият юритган қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган жами 8 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлган ҳамда яна бир нечта ўзбекистонликлар турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган.

Маълум қилинишича, Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинган.

Унга кўра, Ҳукумат комиссиясига ҳодиса оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳолидан хабар олиш ва уларга барча зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлган ўзбекистонликларни эса ҳаво транспортида махсус рейс орқали олиб келиш ва тегишли манзилларга етказиш, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилган.

Шу билан бирга, фармойишга мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Махсус ишчи гуруҳ Россия Федерациясига юборилиб, барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда ҳодиса жойига Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари етиб бориб, россиялик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлган ҳолда, ҳамкорликда тезкор чора-тадбирларни кўрмоқда”, дейилади вазирлик ахборотномасида.

ФВВ жабрланган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида тезкор маълумот олиш учун мамлакатнинг Қозон шаҳридаги Бош консули (+79656007979) ҳамда Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси (+79257508757; +9251270002) телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкинлигини билдирган.

Аввалроқ, 10 август куни эрталаб Украина дронлари Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилгани, бунинг оқибатида эса дастлабки маълумотларга кўра, 13 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Шунингдек, ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари борлиги ҳам айтилганди. 

Кейинчалик Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консулхонаси Telegram-каналида мазкур ҳужум оқибатида 7 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганини маълум қилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends