Таниқли мураббий Диёрa Келдиёровани Олимпиадага тайёрлайдиган бўлди
Sport
−
14:53 1831 1 minute
Германиялик мутахассис Марко Шпитка Ўзбекистон аёллар дзюдо терма жамоасига қайтади ва Олимпиада чемпиони Диёрa Келдиёровани 2028 йилги Лос-Анжелес Олимпиадасига тайёрлайди. Бу ҳақда “Judo News Online” нашри хабар берди.
“Будолин Германияга Марко Шпитканинг ўрнини эгаллаш учун келди. Бизнинг маълумотларга кўра, Шпитка Ўзбекистон терма жамоасига қайтмоқда. У ерда у Диёрa Келдиёрова билан шахсан ишлайди ва уни 2028 йилги Олимпиадага тайёрлайди. Шунингдек, у спорт директори лавозимини ҳам эгаллайди”, дея хабар берган манба.
Диёрa Келдиёрова айнан Шпитка қўл остида 2024 йилги Париж Олимпиадасида чемпионликни қўлга киритган. Ўзбекистонлик дзюдочи финалда япониялик Ута Абэни мағлуб этиб, олимпия олтин медалини қўлга киритганди.
Париж Олимпиадасидан сўнг Шпитка Германия эркаклар терма жамоасида ишлаш учун юртига қайтган, Келдиёрова эса фарзандли бўлиш муносабати билан спортда танаффус қилди.
Маълумот учун, Шпитка 1996 йилги Атланта Олимпиадаси совриндори ҳисобланади. У аввал Ўзбекистон аёллар дзюдо терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритган. Шпитка 2024 йил декабрь ойида Ўзбекистон терма жамоасини расман тарк этиб, Германияга қайтган. Шундан сўнг Германия дзюдо федерацияси уни мамлакат эркаклар терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинлаган.