Сурхондарёда 3,5 минг йиллик қабристон топилди
Local
−
18:16 1543 1 minute
Сурхондарёдаги Озод ёдгорлигида милоддан аввалги 1700–1500-йилларга оид Сополли маданиятига хос қабристон топилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Озод ёдгорлиги 2023 йилда Сурхондарё ҳавзасининг шарқий қисмида ўтказилган дала-қидирув ишлари давомида аниқланган. У Шўрчи туманидаги Озод қишлоғининг жануби-шарқида, Далварзинтепа ёдгорлигидан қарийб 6 километр жануби-шарқида жойлашган.

Майдони тахминан 200×100 метр бўлган ёдгорлик ҳудудида 100 га яқин қабр мавжудлиги аниқланган. Жорий йилнинг 15 августидан бошлаб ёдгорликнинг жануби-ғарбий қисмидаги 10 дан ортиқ қабрда археологик қазув-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Дастлабки натижаларга кўра, қабрлардаги тузилиш ва улардан аниқланган археологик ашёлар Сополли маданияти ёдгорликларига хос. Радиокарбон (¹⁴C) таҳлиллари ҳамда топилмаларнинг қиёсий-типологик ўрганилиши ёдгорликни милоддан аввалги 1700–1500-йилларга тааллуқли эканини кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, Озод ёдгорлиги Сурхондарё ҳавзасида аниқланган энг қадимги қабристонлардан бири ҳисобланади. Шу боис у минтақада қадимги дафн анъаналарининг шаклланиши ва ривожланиш босқичларини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга. Айни пайтда ёдгорликда археологик дала-қазув тадқиқотлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Бобуртепа археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида қадимий бино қолдиқлари ва ноёб деворий сурат намунаси топилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All