Бобуртепа ёдгорлигида ноёб деворий сурат топилди
Жамият
−
16:33 642 1 дақиқа
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Бобуртепа археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида қадимий бино қолдиқлари ва ноёб деворий сурат намунаси топилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, тадқиқотлар давомида иншоот хоналаридан бирининг ғарбий деворида гил сувоқ устига ишланган лола ва оқ гуллар тасвири аниқланган. Гуллар қизил рангдаги ингичка тўлқинсимон чизиқлар билан уйғунлаштирилган. Кейинчалик деворий сурат оқ оҳакли сувоқ қатлами билан қопланган.
Қайд этилишича, бинонинг маҳобатли ва қалин деворлари, шунингдек, ундаги безаклар иншоот милодий IV–V асрларда ибодатхона сифатида фаолият юритган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, келгусидаги қазишма ва тадқиқотлар иншоотнинг асл вазифаси, меъморий тузилиши ҳамда тарихий аҳамиятини янада аниқлашга ёрдам беради.
Агентликка кўра, археологик тадқиқотлар Самарқанд археология институти ходими Санжар Абдурахимов томонидан олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган Мингтепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган қазишмалар давомида милодий VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройининг меъморий қолдиқлари аниқланган эди.
Live
Барчаси