Шавкат Мирзиёев Зеленскийга табрик йўллади

Local

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Украина Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Украина Президенти Владимир Зеленскийга табрик йўллади. Бу ҳақда Зеленский ўзининг X’даги саҳифасида маълум қилди.

“Сизни ва мамлакатингиз халқини Украина Мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман ҳамда ўзимнинг энг эзгу тилакларимни билдираман. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат принципларига асосланган муносабатлар бундан буён ҳам изчил ривожланиб боришига ишонаман.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, фаровонлик ҳамда масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда муваффақиятлар, Украина халқига эса тинчлик ва тараққиёт тилайман”, дейилади Шавкат Мирзиёевнинг табрик мактубида.

Ўз навбатида Зеленский Шавкат Мирзиёевга Украина Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган самимий табриклари учун миннатдорлик билдирган. 

“Украина Ўзбекистон билан анъанавий дўстлик муносабатларини юқори баҳолайди ҳамда икки томонлама ҳамкорлик, савдо ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга содиқ қолади. Президент Мирзиёевга мустаҳкам соғлиқ ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинч ва фаровон келажак тилайман”, деб ёзган Украина Президенти.

Маълумот учун, Украинанинг Мустақиллик куни – мамлакатнинг асосий миллий байрами бўлиб, ҳар йили 24 август куни кенг нишонланади. Ушбу байрам 1991 йилнинг 24 августида Украина Олий Радаси томонидан “Украина мустақиллиги тўғрисидаги Декларация” қабул қилингани ва мамлакат СССР таркибидан чиқиб, мустақил ва суверен давлат деб эълон қилингани шарафига таъсис этилган. Орадан бир неча ой ўтиб, 1991 йил 1 декабрь куни ўтказилган умумхалқ референдумида мамлакат аҳолисининг 90 фоиздан ортиғи ушбу мустақиллик ҳужжатини тўлиқ қўллаб-қувватлаган.

Расмий равишда 1992 йилдан бери давлат байрами ва дам олиш куни сифатида нишонлаб келинаётган ушбу санада анъанага кўра мамлакат бўйлаб, хусусан пойтахт Киевдаги Мустақиллик майдонида турли байрам тадбирлари, концертлар, ҳарбий парадлар ҳамда маданий кўргазмалар ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинани Мустақиллик куни билан табриклаганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends