Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Сеулда тантанали кутиб олинди
Local
−
09:03 432 1 minute
Бугун, 13 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда мамлакат етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Корея Республикаси Ҳарбий-ҳаво кучларининг Сеулдаги авиабазасида олий мартабали меҳмонларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтган. Давлат раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортган, артиллерия тўпларидан салют берилган.

Ўзбекистон Президентини Жанубий Корея Бош вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль ҳамда бошқа расмийлар кутиб олган.

Қайд этилишича, уч кунлик ташриф доирасида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар, Миллий Ассамблея Спикери Чо Чжон Шик, Бош вазир Хан Сон Сук, Кореянинг йирик компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари ҳамда ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Ўзбекистон – Корея бизнес форумининг очилишида нутқ сўзлайди. Шунингдек, 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида иштирок этади.

Билдирилишича, ташрифнинг сиёсий ва иқтисодий кун тартибидаги тадбирлар билан бир вақтда Корея пойтахти ва бошқа шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари ҳам ўтказилади.
Live
All