Шаҳноза Мирзиёева болаларга жинсий зўравонлик учун умрбод қамоқ жазосини сўради
Crime
−
11:10 3042 3 minutes
Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ташаббусни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ва Болалар омбудсмани илгари сурди.
“Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси!”, деган Шаҳноза Мирзиёева.
Унинг қайд этишича, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул идоралар билан биргаликда бир неча ой давомида қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар устида ишлаган. Тайёрланган таклифлар кўриб чиқиш учун тақдим этилган.
Шунингдек, агентлик томонидан ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик қилмагани, педагогларнинг эса зўравонлик ва камситиш ҳолатларига йўл қўйгани учун жавобгарликни кучайтириш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, зўравонликдан жабрланган болаларга тергов ва суд жараёнининг ҳар бир босқичида ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳимоя таъминлаш таклифи илгари сурилган.
Бу борада Болалар омбудсмани ҳам ўз позициясини билдирган. Унинг қайд этишича, шу каби вазиятларда болаларга нисбатан номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби оғир жинсий жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилиши лозим.
Болалар омбудсмани бундай жиноят оқибатида болага етказиладиган зарар ва унинг жамият учун ижтимоий хавфлилиги одам ўлдиришдан кам эмаслигини таъкидлаган. Бола жисмонан омон қолган тақдирда ҳам, унинг руҳияти, болалиги ва келажаги умрбод жароҳатланиши таъкиданган. Мазкур позиция Болалар омбудманининг парламентга киритган Махсус маърузасида ҳам таҳлиллар асосида баён этилгани билдирилган.
Омбудсман хорижий тажрибани ҳам мисол келтирган. Хусусан, Қозоғистон ва Қирғизистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган.
Live
AllXitoy Atlanta hayvonot bog'iga ikkita panda yubordi
27 September
Promis Devidni interv'yu chog'ida ari chaqib oldi
27 September