“Санжик”га суд ҳукми ўқилди

Crime

−

image

Бугун, 8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган Санжар Каримовнинг аппеляция иши бўйича суд жараёни ўз якунига етди ва дастлабки жазо ўзгаришсиз қолдирилди. У 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири суд залидан хабар берди.

Маълум бўлишича, унга Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аслича қолдирилган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 59–61-моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида, яъни 136 миллион сўм жарима жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан тайинланган жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилиши белгиланди. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди ва апелляция шикоятлари қисман қаноатлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 май куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Санжар Каримовга оид иш кўриб чиқилиб, у суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Бироқ Санжар Каримов суд ҳукми устидан аппеляция тарзида шикоят қилди. Шундан кейин, суд Тошкент шаҳар судида давом этди ва айбланувчи томони судга янги далилларни тақдим этди. 

“Real Sanjik” иши 

Икки йил олдин “Real Sanjik” билан боғлиқ бошқа иш омма эътиборига тушган эди, яъни 2024 йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р. (йигит) 1999 йилда туғилган Ш.А. (қиз)га уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган, бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога, яъни блогер ва бизнесмен “Real Sanjik”га 240 минг долларга сотиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р. бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.

2025 йилнинг 21 ноябрь куни мазкур иш бўйича суд жараёни якунланди. Унга кўра, Ш.Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Ҳолат жамоатчилик эътиборига тушгач, ушбу ҳовлининг харидори бўлган таниқли блогер ва тадбиркор “Real Sanjik” 240 минг долларлик уйни болалар уйига эҳсон қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси эса, блогер тураржойни топширишга оид нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этмаганини маълум қилди.

Ушбу воқеалар фонида, 2025 йилнинг 28 ноябрь куни у Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, ҳибсга олингани маълум бўлди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends