ПСЖ катта миқдорда жаримага тортилди

Sport

image

Франция Профессионал футбол лигаси (LFP) ПСЖни “Ренн”га қарши Франция чемпионати доирасидаги учрашувни кўчиргани учун 150 минг евро миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда “L’Équipe” нашри хабар берди.

Лига 1 биринчи тури доирасидаги мазкур баҳс дастлаб жорий йилнинг 23 август куни ПСЖ майдонида ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ “Парк де Пренс” стадионидаги майдон ҳолати талабга жавоб бермагани сабабли учрашув “Ренн” майдонига кўчирилди.

“Мусобақалар комиссияси LFP қоидаларининг майдон ҳолати ва захира стадионининг мавжудлиги бўйича клублар мажбуриятларини белгиловчи моддасига мувофиқ ПСЖни 150 минг евро миқдорида жаримага тортишга қарор қилди”, дейилади LFP хабарида.

Лига, шунингдек, жамоалар ўртасидаги иккинчи учрашув, яъни 23-тур баҳси “Парк де Пренс” стадионида бўлиб ўтишини маълум қилди.

“Ренн” ўзининг расмий сайти орқали ўйинни кўчириш ҳақидаги қарор юзасидан “ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мақсадида Франция Миллий олимпия ва спорт қўмитасига шикоят қилиши мумкинлигини маълум қилган.

Маълумот учун, ПСЖ Лига 1нинг дастлабки икки туридан сўнг 2 очко жамғариб, турнир жадвалида 6-ўринда бормоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends