Президент Сергелидаги маҳаллаларни ёритиш муаммосини ҳал қилишга 10 кун муҳлат берди
Local
−
04 July 2285 2 minutes
Тошкент вилояти ҳудудидан олти йил олдин Сергелига қўшилган 13 та маҳаллада ёритиш муаммоси 10 кунда ҳал қилиниши керак. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев ўз раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши мутасаддиларга топшириқ берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ҳудудидан олти йил олдин Сергелига қўшилган 13 та маҳаллада 14,5 минг хонадон бор, уларда 50 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Лекин бу ҳудудлар аҳолиси ҳалигача шаҳар муҳитини тўлиқ ҳис қилгани йўқ. Мазкур маҳаллаларда ёритиш учун 629 та темир-бетон устун ўрнатилиб, кабель тортилган.
Аммо тизим ҳали ишга тушмагани танқид қилинган. Мутасаддиларга ўн кун муддатда ушбу масалани ҳал қилиш топширилган. Шунингдек, йил якунигача ушбу маҳаллаларни канализация тармоғига тўлиқ улаш вазифаси қўйилган.
Сергели туманида аҳоли ва тадбиркорларнинг сони ошгани сабабли электр энергиясига йиллик талаб беш йилда 40 фоизга кўпайган. Айрим маҳаллаларда электр кучланиши меъёрдан 1,5-2 баробар пастлиги қайд этилган.
“Шаҳаролди”, “Ўзгариш” ва “Қумариқ” нимстансияларини ишга тушириш учун жами 107 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга ушбу объектларни аниқ муддатларда ишга тушириш ва аҳолига кафолатли электр таъминотини йўлга қўйиш вазифаси қўйилган.
Умуман, пойтахтнинг Бектемир, Мирзо Улуғбек, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларига ўтган 46 та маҳаллада электр, сув, канализация ва йўл бўйича бирорта ҳал этилмаган масала қолмаслиги кераклиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги канализация билан боғлиқ бадбўй ҳид муаммосини жорий йил 1 сентябргача ҳал этиш бўйича топшириқ бергани ҳақида хабар қилинган эди.
Live
All