Осиёда ҳам Миллатлар лигаси ташкил этилиши мумкин
Sport
−
12:45 459 2 minutes
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) 2030 йилдан бошлаб Миллатлар лигасини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ESPN нашри хабар берди.
Янги мусобақа Жаҳон чемпионати ва Осиё кубоги саралаш босқичларини тубдан қайта кўриб чиқиш режасининг бир қисми бўлади. Ушбу ташаббус Европа, КОНКАКАФ ва Африка футбол конфедерациялари тажрибаси асосида амалга оширилиши мумкин.
Африкада ҳам шунга ўхшаш мусобақани 2029 йилдан бошлаш режалаштирилган. Миллатлар лигаси ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Унда иштирокчилар учта дивизионга бўлинади: биринчи ва иккинчи дивизионларда 18 тадан, учинчи дивизионда эса 11 та жамоа иштирок этади. Европа Миллатлар лигасидаги каби дивизионлар ўртасида автоматик равишда юқорига кўтарилиш ва қуйи дивизионга тушиш тизими жорий этилади.
Жаҳон чемпионати саралаш циклига мос келадиган мусобақаларда юқори дивизионнинг энг яхши олтита жамоаси тўғридан тўғри Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши режалаштирилган. Бу тизим бўйича илк мусобақа 2032-2033 йилги мавсумга мўлжалланган.
Еттинчидан ўнинчи ўрингача жойлашган жамоалар конфедерация учун ажратилган қолган иккита йўлланмага эга чиқиш мақсадида қўшимча мусобақада қатнашади. Учинчи ўринни эгаллаган жамоа эса бошқа конфедерациялар вакиллари билан бирга қитъалараро плей-оффда иштирок этиши мумкин.
Шунингдек, 2030 йилдан бошлаб Осиё кубоги саралаш босқичини ҳам Миллатлар лигаси орқали ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ОФКга Жаҳон чемпионати ва Осиё кубоги саралаш тизимларини ягона мусобақа форматига бирлаштириш имконини беради.
Live
All