Шавкат Мирзиёев ОФК президентини қабул қилди
Sport
−
19:09 543 1 minute
Бугун, 17 октабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистоннинг мазкур нуфузли спорт ташкилоти билан самарали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа Ўзбекистонда ҳаваскор ва профессионал футболни қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва ўқитиш базасини барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолаган.
Шунингдек, учрашувда футбол академияларини биргаликда ривожлантириш ҳамда “Ҳар бир маҳаллада футбол майдончаси” дастури доирасида ёшларни футболга кенг жалб этишга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.
Якунда эса мамлакат ҳудудида йирик футбол тадбирлари, жумладан, аёллар ва ўсмирлар ўртасидаги чемпионатларни ташкил этиш ва ўтказиш, спортчилар ҳамда мураббийлар таркибини тайёрлашда услубий ёрдам кўрсатиш, истеъдодли футболчиларни саралаш каби йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа Ўзбекистонга келгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All