Осиё ўйинлари. Ўзбекистон муддатидан аввал плей-офф босқичига чиқди
Sport
−
16:55 1935 1 minute
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё ўйинларидаги иккинчи учрашувини ўтказди. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоа гуруҳ босқичининг 2-турида Қувайт олимпия терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Учрашувда ҳар икки голга ҳам Сардор Баҳромов муаллифлик қилди. У 6-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 36-дақиқада иккинчи голини уриб, жамоасининг устунлигини мустаҳкамлади.
Иккинчи бўлим бошида, 48-дақиқада Розибой Файзуллаев иккинчи сариқ карточкасини олди ва майдонни тарк этди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси қолган вақтни бир киши кам бўлиб ўтказганига қарамай, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Шу тариқа, учрашув 2:0 ҳисобида Ўзбекистон фойдасига якунланди.
Натижада Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё ўйинлари “С” гуруҳида 6 очко жамғарган ҳолда муддатидан аввал плей-офф босқичига чиқиш масаласини ҳал қилди. Эндиликда Равшан Ҳайдаров шогирдлари гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувида жорий йилнинг 22 сентябрь куни Вьетнамга қарши ўтказилади. Ушбу баҳс гуруҳ босқичининг етакчисини аниқлаб беради.
Маълумот учун, 2-турдан сўнг Вьетнам 4 очко билан 2-ўринда бормоқда.