Мусаев устидан текширув бошланмаган – Манба
Local
−
12:02 3213 4 minutes
Яқиндагина лавозимидан озод этилган Беҳзод Мусаев устидан текширув бошланмаган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбалари маълум қилди.
Аввалроқ, QALAMPIR.UZ Миграция агентлигида Кореядаги ваколатхона раҳбари лавозимида фаолият юритиб, турли қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилган Азиз Тоштемировнинг Мусаев устидан эълон қилган турли компроматлари ҳақида хабар берганди.
Унга кўра, Тоштемиров ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, коррупцияга доир бўлган агентликдаги барча ноқонуний фаолиятлар, хусусан 90 миллиуон АҚШ долларилик коррупсион схема тепасида Мусаев турганини иддао қилган ҳамда ўзининг Telegram-каналида Мусаевга алоқадор ёзишмалар ва аудио ёзувларни жойлаганди.
Кеча, 3 сентябрь куни эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори асосида бошқа ишга ўтиш муносабати билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори Беҳзод Мусаев лавозимидан озод этилди.
QALAMPIR.UZ Мусаеевнинг ишдан олинишига Тоштемиров иддао қилган айбловлар сабаб бўлган ёки бўлмаганига ойдинлик киритиш мақсадида Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига боғланди.
Бош прокуратуранинг ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Миграция агентлигининг собиқ директори Беҳзод Мусаев устидан ҳеч қандай хизмат текшируви ўтказилмаяпти.
Худди шу маълумот Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг матбуот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров томонидан ҳам қайд этилди. Сапаровнинг сўзларига кўра, Мусаевнинг ишдан олинишида ҳеч қандай айбловлар сабаб бўлмаган ва хизмат текшируви ўтказиш бошланмаган.
Маълумот учун, Беҳзод Мусаев давлат бошқарувининг турли лавозимларида фаолият юритган. Хусусан, Давлат солиқ қўмитаси раҳбари, Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш бўйича ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда 2024 йил сентябргача Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири сифатида ишлаган.
2024 йил сентябрь ойидан бошлаб эса Мусаев Президент томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига раҳбар этиб тайинланган.
Ўзи нима бўлганди
Жорий йилнинг май ойида Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи, Андижон вилоятида туғилган 35 ёшли Азизбек Тоштемиров Жанубий Кореяга ишга кетиш учун ўтказиладиган баъзи EPS–Topik имтиҳонлари вақтида айрим номзодлар ўрнига бошқа шахслар киритилгани, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг баъзи ходимлари эса уларга тестдан ўтишда гўёки ёрдам бергани ҳолатлари кузатилган ва эҳтимолий қонунбузарлик тўғрисида фуқаролардан бир қанча мурожаатлар бўлгани сабабли халқаро қидирувга берилганди.
Воқеадан бироз аввал эса Ташқи меҳнат миграцияси ва хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилган коррупцион схема аниқлангани, улар 600 дан ортиқ одамдан $90 млн олгани фош қилингани маълум бўлганди.
Шундан сўнг, 2025 йилнинг март ойида коррупцион жиноятда айбланиб, ишдан бўшатилган, фирибгарликда гумон қилинган ва Интерполга қидирувга берилган Миграция агентлигининг собиқ ходими Азизбек Тоштемировнинг ўзи бу айбловларни буткул рад этиб, ҳар қандай қонунбузарлик ва коррупция бошида агентликнинг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев турганини иддао қилган ҳамда “Корея 24 соат” деб номланган Telegram-каналида бу ҳақда маълумотларни жойлай бошлаган.
Мазкур хабарлар омма орасида турли шубҳаларни уйғотгандан сўнг, 20 июнь куни ваниҳоят Миграция агентлиги шов-шувли ҳолат бўйича расмий муносабат билдирганди. Унда агентлик Азизбек Тоштемировнинг скриншот, аудио ва расмлар билан иддао қилаётган гаплари ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва бир томонлама талқин қилингани билдирганди.
Бу гаплар фонида, жорий йил 23 июль куни QALAMPIR.UZ’нинг Интерпол сайтида олиб борган тадқиқлари натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг собиқ ходими – Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Азизбек Тоштемировнинг номи халқаро қидрувдаги шахслар рўйхатидан сирли равишда ғойиб бўлгани аниқланганди.
Бу орада агентлик ходимларига алоқадор бир нечта фирибгарлик ва талон-тарож қилишга оид, 90 млн доллар олдида "писта пули"дек кўринадиган жиноий ишлар аниқланди. Куйинроқ, “Ezgulik” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Telegram-каналида 90 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилгани айтилган “Корея иши” бўйича суд жараёни 29 июль куни бошланишиниши ёзган. Иш Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида судья Дадахонова раислигида кўриб чиқилмоқда. Иш доирасида пора олиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги бўйича айбловлар билан Ганчар Узоқов, Темур Шорихсиев, Алижон Ашуров ва Сухроб Сайфутдиновлар судланувчи сифатида жалб этилган.
Live
All