Meta Австралияда 756 мингта 16 ёшга тўлмаганлар аккаунтини блоклади

World

image

Meta Австралияда 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чекловчи қонун кучга кирганидан сўнг 756 мингдан ортиқ шубҳали аккаунтни ўчирганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Meta маълумотига кўра, декабрдан июнь ойигача 462 мингта Instagram ва 294 мингта Facebook аккаунти Австралиялик 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга тегишли бўлиши мумкинлиги сабабли деактивация қилинган.

Австралияда 16 ёшга тўлмаганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун 10 декабрда кучга кирган. Қонун қабул қилинишига ижтимоий тармоқларнинг болалар ва ўсмирларнинг жисмоний ҳамда руҳий саломатлигига таъсири билан боғлиқ хавотирлар сабаб бўлган.

Meta мазкур қонунга аввалдан қарши чиққан бўлса-да, уни бажаришини маълум қилган. Айни пайтда Австралия интернет регулятори қонун талабларига риоя қилиш бўйича етарли чора кўрмаган платформаларга нисбатан судга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Австралия ҳукумати қонун талабларини бузган компаниялар учун максимал жаримани икки баробар ошириб, 99 миллион Австралия долларигача етказишни ҳам таклиф қилган.

Қайд этилишича, Meta 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларни аниқлаш учун сунъий интеллектдан фойдаланаётганини билдирган. Компания аккаунт эгасининг ёшига оид маълумотларни, жумладан туғилган кунни нишонлаш ёки мактабдаги синф ҳақидаги маълумотлар каби белгиларни таҳлил қилмоқда.

Шу билан бирга, Австралия ҳукумати ва бир қатор мустақил тадқиқотлар тақиқнинг дастлабки уч ойида 16 ёшга тўлмаганларнинг 80 фоиздан ортиғи ҳали ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланганини кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австралия интернет хавфсизлиги регулятори террорчилик тарғиботига оид материалларни ўз вақтида ўчирмагани учун Telegram’га нисбатан суд жараёнини бошлаганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends