ЕИ болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чекламоқчи

Олам

image

Европа Иттифоқида болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига ёш бўйича чеклов жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда “Associated Press” хабер берди.

Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен бугун, 13 июль куни Брюсселда болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тартибга солишга қаратилган таклиф ёздан сўнг тақдим этилишини маълум қилган.

“Фарзандларимизга ҳайдовчилик гувоҳномасини олмасдан туриб автомобиль калитини бермаганимиз ёки қонун рухсат бермагунча уларга спиртли ичимлик сотиб олишига йўл қўймаганимиз каби, болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши учун ҳам маълум ёш чегараси бўлиши керак”, дейди фон дер Ляйен.

Унинг билдиришича, болалар аввало ҳақиқий ҳаётда дўст орттириши, ўйнаши ва шахс сифатида шаклланиши лозим. Шунингдек, у ижтимоий тармоқлардаги чексиз тасмани айлантириш (infinite scroll) каби фойдаланувчини ўзига қарам қилувчи функцияларни технологик компаниялар бартараф этиши кераклигини қайд этган.

Болалар хавфсизлигини онлайн муҳитда таъминлаш бўйича тузилган махсус экспертлар гуруҳи ҳам Еврокомиссияга ўз ҳисоботини тақдим этган. Ҳисоботда платформалар ўз хизматлари болалар учун хавфсиз эканини исботламагунча, 13 ёшгача бўлган фойдаланувчиларнинг уларга киришини чеклаш тавсия этилган.

Экспертлар, шунингдек, 13 ёшдан катта вояга етмаганлар учун ҳам қўшимча ҳимоя чораларини жорий этишни тавсия қилган. Уларнинг фикрича, болалар хавфсизлигини таъминлаш масъулияти ота-оналар ёки тартибга солувчи органлар эмас, аввало рақамли платформалар зиммасида бўлиши керак.

Маълумот учун, сўнгги йилларда дунёнинг қатор давлатлари болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича чораларни кучайтирмоқда. Хусусан, Австралия, Буюк Британия, Туркия ва Индонезияда вояга етмаганларнинг TikTok, Instagram, YouTube каби платформалардан фойдаланишига доир турли ёш чекловлари жорий этилган ёки муҳокама қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳам 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг