Австралияда инсон жасадини компостга айлантириш қонунийлаштирилди
World
−
10:06 1932 2 minutes
Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штатида вафот этган инсон жасадини махсус усулда тупроққа айлантириш қонунийлаштирилди. Тегишли қонун лойиҳаси кеча, 21 октябрь куни штат парламентининг юқори палатасидан ўтди. Бу ҳақда “The Sydney Morning Herald” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, инсон жасадини компостга айлантириш жараёни қонунчиликда “террамация” деб аталади. Ушбу усулдан фойдаланиш учун махсус жиҳозланган иншоотлар ташкил этилади. Янги тартиб асосида жараённи 2028 йилдан бошлаш режалаштирилган.
Террамация жараёнида инсон жасади беда, пичан ва ёғоч қипиғи каби органик ўсимлик материаллари солинган махсус идишга жойлаштирилади. Идиш ичидаги ҳарорат бир неча кун давомида оширилиб, жасад ва ўсимлик материалларининг парчаланишига шароит яратилади.
Камида бир ой ўтгач, жасаднинг катта қисми парчаланади, суяклар ва тиббий имплантлар эса ажратиб олинади. Суяклар майдалангач, аралашмага қайтарилади. Яна бир неча ҳафта давомида сақланганидан сўнг ҳосил бўлган компост қопларга ёки махсус идишларга жойланиб, марҳумнинг яқинларига берилади. Улар компостни дарахтлар атрофига сепиши ёки боғлар ва табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаларига топшириши мумкин.
Қонун лойиҳасини мустақил депутат Алекс Гринвич илгари сурган. Ҳужжатга кўра, инсонни унинг хоҳишига қарши равишда компостга айлантириш мумкин эмас.
Парламентдаги муҳокамалар давомида бир неча депутат вафотидан кейин ўз жасадининг ҳам шу усулда қайта ишланишини исташини билдирган. Айрим қонунчилар эса компостдан кейин ҳосил бўлган тупроқдан қандай фойдаланиш масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарурлигини таъкидлаган.
Нашр маълумотига кўра, террамация Германиянинг бир ҳудудида ва АҚШнинг 14 штатида қонуний ҳисобланади. Янги Жанубий Уэльсда эса ушбу усулни жорий этиш бўйича қоидалар келгуси икки йил давомида ишлаб чиқилади.
Штат парламенти вакилларининг таъкидлашича, террамация инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавфсизлигини текширишга қаратилган илмий синовлардан ўтган. Ушбу усул кремация ва анъанавий дафн маросимларига муқобил вариант сифатида таклиф этилмоқда.