Медаллар учун курашиш мақсадида келдик – Равшан Ҳайдаров

Sport

image

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Осиё ўйинларида медаллар учун кураш олиб боришини айтиб ўтди. Бу ҳақда Ҳайдаров Филипинга қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.

“Осиё ўйинлари қитъамиз учун жуда катта мусобақа. Уни кўплаб спорт турлари иштирок этадиган кичик Олимпиада, деб ҳисоблаш мумкин. Барча турнир иштирокчиларига, гуруҳимиздаги рақибларимизга ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришишларини тилайман. Ўзбекистон мусобақада муносиб иштирок этиш учун энг сара спортчилари билан ташриф буюрди. Биз ҳам ушбу нуфузли турнирга йил давомида тайёргарлик олиб бордик. Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, медаллар учун курашиш мақсадида келдик”, дейди мутахассис.

Ҳайдаров мусобақанинг юқори савияда ташкил этилишига умид билдирган.

“Аввало, ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирамиз. Бундай катта мусобақани қабул қилаётган Японияга раҳмат айтамиз. Ташкилий жиҳатдан бу юрт ҳар доим мусобақаларни юқори савияда ўтказиб келган. Ўйлайманки, бу турнир ҳам юқори даражада ташкил этилади”, дейди у.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббий жамоанинг вақт фарқи ва иқлимга мослашиш жараёни ҳақида ҳам маълумот берган.

“Вақт тафовутига мослашиш ишларини Тошкентдаги йиғиндан бошлаганмиз. Япония билан орамизда 4 соат фарқ бор. Шунга яраша футболчиларнинг мослашиш кўникмаларини шакллантирдик. Тошкентдаги йиғиндан кейин Хитойнинг Далян шаҳрида тайёргарликни давом эттирдик ва назорат учрашувини ўтказдик. У ернинг иқлими ҳам Японияникига ўхшаш, вақт фарқи эса бир соатни ташкил этади. Ўйлайманки, вақт ва иқлим масаласида муаммолар бўлмайди. Футболчиларимиз зарур мослашувни амалга ошириб бўлишди”, дейди мураббий.

Маълумот учун, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё ўйинларидаги иштирокини эртага, 15 сентябрь куни Филиппинга қарши баҳс билан бошлайди. Учрашув Тошкент вақти билан соат 11:30 да Нагоя шаҳридаги “Минато Соккер Фиелд” стадионида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ футбол бўйича, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Осиё ўйинларидаги дастлабки турда Филиппинга қарши баҳсда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends