Хитойда 2000 дан ортиқ робот иштирокида спорт мусобақаси бўлади

Sport

image

Жорий йилнинг 22 август куни Хитой пойтахти Пекинда иккинчи Жаҳон гуманоид роботлар мусобақаси старт олади. Унда 2000 дан ортиқ антропоморфик робот иштирок этади. Бу ҳақда Хитой Марказий телевидениеси хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 августга қадар давом этадиган мусобақада 666 та жамоа қатнашади. Тадбир Пекин шаҳар ҳукумати, Хитой медиа корпорацияси, Жаҳон робототехника ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Робототехника бўйича жаҳон кубогининг Осиё-Тинч океани кенгаши томонидан ташкил этилмоқда.

Беш кун давомида спорт, ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш йўналишларида мусобақалар ўтказилади. Жумладан, тўпли спорт турлари, футбол, кураш, ва хизмат кўрсатишга оид 21 та йўналиш бўйича беллашувлар ташкил этилади.

Мусобақаларнинг жадвали зич экани инобатга олиниб, майдонда роботларни зарядлаш ва тайёрлаш учун махсус инфратузилма яратилган. Иштирокчилар техник носозликларнинг олдини олиш ва алоқани барқарор таъминлаш мақсадида 5G тизимидан фойдаланади.

Ташкилий қўмита раҳбари ўринбосари Чжао Дунвэйнинг айтишича, мусобақанинг технологик платформаси турли модел ва брендларга мансуб роботларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Унинг таъкидлашича, тадбирнинг асосий мақсади гуманоид роботларни ишлаб чиқариш ва кундалик ҳаётга янада кенгроқ интеграциялашувини рағбатлантиришдан иборат.

Маълумот учун, биринчи Жаҳон гуманоид роботлар мусобақаси 2025 йил 15-17 август кунлари бўлиб ўтган. Унда қарийб 500 та антропоморфик робот иштирок этган. Мусобақада Австралия, Бразилия, Германия, Италия, Индонезия, АҚШ ва Япония каби 16 мамлакатдан 280 та жамоа қатнашганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда аралаш яккакураш (MMA) қоидалари бўйича дунёдаги илк роботлар жанги бўлиб ўтганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends