Каспийгадаги фожиада омон қолганлар уйига қайтди (видео)
World
−
18:24 1116 2 minutes
Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида ўқув-машғулотлари вақтида Каспий денгизига оқиб кетган 17 нафар ҳарбийдан омон қолишга муваффақ бўлган уч нафари муддатли ҳарбий хизматни якунлаб, уйига қайтди. Бу ҳақда “Lada.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, 19 ёшли Ақжол Темурхон шифохонадан чиқарилганидан сўнг ота-онаси бағрига қайтган. У Манғистау вилоятидан ҳалокатли машғулотларда омон қолган ҳарбий ҳисобланади. Блогер Азамат Сарсенбаев Ақжол ва унинг ота-онаси билан учрашгани ҳақида ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.
Унинг ёзишича, Ақжол яқин вақт ичида ота-онаси билан бирга ҳалок бўлган сафдошларининг оилаларини бориб кўришни ва уларга ҳамдардлик билдиришни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Атирау вилоятидан бўлган Қуандиқ Бекет ва Ғарбий Қозоғистон вилоятидан Никита Удалов ҳам муддатли ҳарбий хизматни якунлаб, уйига қайтган. Уларнинг яқинлари билан учрашувлари акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Манғистаудаги фожиа
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида Каспий денгизи соҳилида метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши сабабли ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.
Мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларида денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетганини билдирган эди. Ўша пайтда 9 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани қайд этилган. Кейинроқ, Манғистау вилояти ҳокимлиги денгизга оқиб кетганлар сони 17 нафар эканини маълум қилди.
Ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган, ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев юборилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва фожиани тергов қилиш бўйича топшириқлар берган. Бундан ташқари ҳодиса ортидан мамлакат Мудофаа вазирлигининг 5 нафар мансабдор шахси қўлга олинган.
Оқтовда Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари бекор қилинган. Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фожиа муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ҳарбийлар рўйхатида 2006 йилда Қорақалпоғистонда туғилган Олмос Юсуф ўғли Кобенов ҳам бор.