Қурултойга сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилинди

World

image

Бугун, 24 август куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси Қурултойга ўтказилган сайловларнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда “Власть” хабар берди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдировнинг маълум қилишича, 12 млн 623 минг 289 та бюллетендан сайловчилар 9 млн 351 539 тасини олган, иштирок 74,08 фоизни ташкил этган.

Қозоғистонликларнинг овози қуйидагича тақсимланди:

  • “Адилет” – 6 528 948 овоз, ёки 71,17 фоиз;
  • “Ауыл” – 574 621 овоз, ёки 6,26 фоиз;
  • “Республика” – 509 631 овоз, ёки 5,56 фоиз;
  • “Ак жол” – 478 083 овоз, ёки 5,21 фоиз;
  • УҚСДП – 469 058 овоз, ёки 5,11 фоиз;
  • Қозоғистон Халқ партияси – 285 395 овоз, ёки 3,11 фоиз;
  • “Байтак” – 97 751 овоз, ёки 1,07 фоиз;
  • ҳаммага қарши – 2,51 фоиз.

Шундай қилиб, ҚХП ва “Байтак” депутатлик мандатларини олиш учун зарур бўлган 5 фоизлик чегарадан ўта олмаган. Ушбу партиялар вакиллари Қурултойда бўлмайди.

Кеча, 23 августдаги сайловлар икки палатали парламентдан бир палатали парламентга ўтишни назарда тутувчи янги Конституция қабул қилинганидан кейин белгиланган эди.

Маълумот учун, “Адилет” партияси жорий йилнинг май ойида ташкил этилган ва июнь ойида рўйхатдан ўтказилган. Шундан сўнг, дарҳол мамлакатнинг энг нуфузли сиёсий партияси – “Аманат” унга қўшилган.

“Аманат” – 1999 йилда биринчи президент Нурсултон Назарбоев томонидан тузилган “Отан” партиясининг ҳуқуқий ворисидир. 2022 йилгача Қозоғистоннинг биринчи президенти партияга раҳбарлик қилган, сўнгра унинг ўрнини (бошқа барча масъулиятли лавозимларда бўлгани каби) амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев эгаллаган. Янги “Адилет” партиясига яқин вақтгача Президент Администрацияси раҳбари лавозимини эгаллаб келган Ойбек Дадабой бошчилик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев кеча, 23 август куни бўлиб ўтан Қурултой депутатлари сайловида уйдан чиқмаган ҳолда иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга мактуб йўллаб, мамлакатнинг янгиланган парламенти – Қурултойга сайловлар халқаро стандартлар ва демократик тамойиллар асосида муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends