Қозоғистонлик аёл “Miss universe” танловида 30 килограммлик либос кияди

Art & Culture

−

image

Қозоғистоннинг “Miss universe – 2026” (“Коинот гўзали”) халқаро гўзаллик танловидаги вакили Алина Ри оғирлиги 30 килограммга яқин, қиймати 5 миллион тенгедан (тахминан 131,7 миллион сўм) ошадиган миллий либосда иштирок этади. Бу ҳақда “Kursiv Kazakstan” хабар берди.

Қайд этилишича, “Олтин бургут: Қозоғистон руҳи” деб номланган либос мамлакат давлат байроғи асосида яратилган. Унда осмонранг, олтин рангли қуёш, қанот ёзган бургут ва анъанавий қозоқ нақшлари мужассамлаштирилган.

Либоснинг асосий қисми – олтин рангдаги катта қанотлар. Махсус механизм ёрдамида улар саҳнада очилади. Узун шлейф эса ҳаракат давомида бургутнинг дашт узра парвозини ифодалайди. Бош кийим қуёш шаклидаги олтин тож кўринишида ишланган.

Маълум қилинишича, либосни яратиш устида SV Muse бренди ишлаган. Уни тайёрлаш жараёни шу йил апрель ойида бошланган ва ярим йилдан ортиқ вақт давом этган. Либос ғоясини эса танловда Қозоғистон номидан иштирок этаётган Алина Рининг ўзи таклиф қилган.

Маълумот учун, Алина Ри “Miss Qazaqstan – 2025” танлови ғолиби ҳисобланади. “Miss universe – 2026” танлови Пуэрто-Рикода бўлиб ўтмоқда. Миллий либослар намойиши Остона вақти билан 22 ноябрь куни соат 04:00 да бошланади. Танлов финали ва ғолибни тож кийдириш маросими эса 25 ноябрь куни соат 05:00 га белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Таиландда “Miss Universe – 2025” (“Коинот гўзали”) халқаро гўзаллик танловининг якуний босқичи бўлиб ўтганди ва мексикалик Фотима Бош ғолибликни қўлга киритган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends