Қозоғистонда клублар хусусийлаштирилди
Sport
−
16:23 582 1 minute
Қозоғистоннинг турли ҳудудларидан олти-еттита профессионал футбол клуби аллақачон қисман хусусийлаштирилган. Бу ҳақда Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги Спорт ва жисмоний тарбия қўмитаси раиси ўринбосари Нурлан Есембаев Спорт кунига бағишланган анжуманда маълум қилди.
“Ҳозирда бизда аллақачон тижоратлаштирилган олти ёки еттита клуб бор ва биз яна кўпроқ клубларни тайёрламоқдамиз. Бироқ тижоратлаштиришнинг сўнгги муддати – 2027 йил март”, дейди у.
Есембаевнинг таъкидлашича, бу мамлакатнинг турли ҳудудларидаги клубларга тааллуқли бўлиб, улар ҳозирда қисман хусусийлаштирилган. Унинг тушунтиришича, клубларнинг асосий ҳомийлари, одатда, шаҳарни ташкил этувчи корхоналар ҳисобланади.
Шу билан бирга, клублар белгиланган лимитлардан ошмаган ҳолда давлат бюджетидан ажратилган маблағларни олишда давом этади.
2025 йилда Қозоғистоннинг Миллий хусусийлаштириш идораси мамлакатдаги еттита футбол клубини хусусий мулкка ўтказишни таклиф қилган эди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев аввалроқ спорт жамоаларини хусусийлаштириш ва уларнинг ҳудудий бюджетларга қарамлигини камайтириш муҳимлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Президентнинг 5887-сонли фармонига кўра, Ўзбекистон ҳудудида ҳам 2030 йилгача Суперлиганинг барча жамоалари хусусийлаштирилиши керак.
Live
All