Энди ўзбекистонликлар Қозоғистонга электрон рухсатномасиз кира олмайди
World
−
19:15 1682 2 minutes
Қозоғистон хорижий фуқаролар учун мамлакатга киришга электрон рухсатнома олиш тартибини жорий этади. Янги қоидалар жорий йил 24 октябрдан кучга киради. Рухсатнома эса 2027 йил июлидан бошлаб мажбурий бўлади. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Қайд этилишича, янги талаб Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ҳамда Қозоғистон билан визасиз режим ўрнатилган давлатлар фуқароларига тааллуқли. Шунингдек, Ҳиндистон, Эрон ва Туркия фуқаролари ҳам ушбу тартибга амал қилиши керак. Бундан ташқари, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун ҳам электрон рухсатнома олиш назарда тутилган.
Ариза рақамли платформа орқали топширилади. Бунинг учун мамлакатга киришдан камида 72 соат олдин мурожаат қилиш лозим. Рухсатнома бепул расмийлаштирилади ва 180 календарь кун давомида амал қилади.
Электрон рухсатнома тизими босқичма-босқич жорий этилади:
2026 йил 1 ноябрдан айрим назорат-ўтказиш пунктларида синовдан ўтказилади;
2027 йил январидан Остона ва Олмаота аэропортларида ишга туширилади;
2027 йил мартдан қолган барча назорат-ўтказиш пунктларида қўлланилади.
2027 йил 1 июлгача давом этадиган ўтиш даврида рухсатноманинг йўқлиги хорижий фуқароларнинг Қозоғистонга киришини рад этиш учун асос бўлмайди.
Қуйидаги тоифадаги шахслар ушбу талабдан озод этилади:
16 ёшгача бўлган болалар;
65 ёшдан ошган шахслар;
амалдаги Қозоғистон визаси ёки яшаш гувоҳномасига эга хорижликлар;
дипломатларнинг айрим тоифалари ва расмий делегациялар аъзолари.
Визасиз режим асосида мамлакатга кирган хорижликлар умумий қоидага кўра бир ташриф давомида 30 кунгача қолиши мумкин. Бунда 180 кунлик давр ичида мамлакатда бўлишнинг умумий муддати 90 кундан ошмаслиги керак. Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари фуқаролари учун эса 180 кунлик давр ичида Қозоғистонда 90 кунгача бўлиш муддати белгиланган.
Маржона Маманиёзова
Live
All