Қирғизистонда ёшларни театр ва музейларга мажбуран олиб бориш таклиф қилинди
World
−
14:33 227 2 minutes
Қирғизистонда 1,8 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчиси ва талабани йилига 4 марта театр, концерт ёки музейга олиб боришни мажбурий қилиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда “Time.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирда тегишли таклиф Президент фармони лойиҳасига киритилган ва ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Қирғизистон Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазирлиги ушбу ташаббусни 2-3 йилдан бери илгари суриб келаётганини маълум қилган.
Вазирлик ёшларнинг маданий тадбирларга мунтазам боришини йўлга қўйишни таклиф қилмоқда. Ташаббус муаллифлари бундай таклифни ёшларнинг интернет ва компьютер ўйинларига кўпроқ вақт ажратаётгани билан изоҳлаган. Уларнинг фикрича, ёшларни санъат ва маданиятга кўпроқ жалб қилиш керак.
Таклифга кўра, ҳар бир мактаб ўқувчиси ва талаба йилига икки марта театр ёки концертга, яна икки марта музейга боради. Яъни бир киши йилига жами тўртта маданий тадбирда қатнашади.
Ҳисоб-китобларга кўра, театр ёки филармонияга бир марта бориш учун ўртача 300 сом сарфланади. Икки ташриф учун 600 сом, музейга икки марта бориш учун эса 200 сом ажратилиши режалаштирилган. Шу тариқа, бир ўқувчи ёки талаба учун йилига 800 сом сарфланиши кўзда тутилмоқда.
Дастур жами 1 821 633 кишини қамраб олиши режалаштирилган. Уларнинг 1 536 633 нафари умумтаълим мактаблари ўқувчилари, 187 минг нафари олий таълим муассасалари талабалари ва 98 минг нафари ўрта махсус таълим муассасалари талабаларидир.
1 821 633 кишининг ҳар бирига йилига 800 сомдан ажратилса, дастур учун умумий харажат қарийб 1,46 миллиард сомни ташкил қилади.
Билдирилишича, дастурни молиялаштириш Таълим вазирлиги ҳамда Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлиги орқали амалга оширилиши кутилмоқда. Ташрифлар рўйхатлар асосида ҳисобга олинади. Маблағларни эса театр, филармония ва музейларнинг ҳисоб рақамларига ёки рақамли тизим орқали бевосита ўқувчи ва талабаларга ўтказиш таклиф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев Маданият вазирлигига миллий услубдаги янги форма дизайнини ишлаб чиқишни топширган ва мазкур миллий либосларни барча давлат хизматчилари кийиши кераклигини айтганди.
Live
AllToshkentda vertikal “parkovka”lar o'rnatilmoqda
11 September