Қирғизистонда ҳам болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкин
World
−
14:32 324 1 minute
Қирғизистонда вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Маориф вазири Догдурқул Кендирбаева маълум қилди.
Қайд этилишича, вазир бу ҳақда Жогорку Кенешнинг тегишли қўмитаси йиғилишида гапирган. Кендирбаева болаларнинг интернетда катталар назоратисиз қолаётгани ва у ердан қандай маълумот олаётганини назорат қилиш қийинлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, масала айниқса бошланғич синф ўқувчилари учун муҳим.
Вазир Қирғизистонда мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишга аллақачон чекловлар жорий этилганини эслатган. Унга кўра, ўқувчилар дарс вақтида телефонлардан фақат айрим ҳолларда, ўқитувчи назорати остида фойдаланиши мумкин.
Кендирбаева дунёнинг айрим давлатларида вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чекловлар жорий қилинганини ҳам қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ҳукумати томонидан 16 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All