Қозоғистон ҳам болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
Олам
−
19:01 200 2 дақиқа
Қозоғистон ҳукумати томонидан 16 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда бугун, 26 август куни мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди.
“Ижтимоий тармоқлар, рақамли платформалар, сунъий интеллект ва агрессив маркетинг болаларнинг дунёқарашига оила ва мактабдан кам бўлмаган даражада таъсир кўрсатмоқда. Ўсиб келаётган авлоднинг психологик фаровонлиги, эмоционал барқарорлиги ва ахлоқий тарбияси аллақачон миллий хавфсизлик ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланишининг муҳим омилларига айланди.
2018 йилда қабул қилинган “Болаларни уларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун замонавий воқеликда қайта кўриб чиқишни ва жиддий ўзгартиришлар киритишни талаб қилмоқда. Ҳукумат томонидан 16 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди (июнь ойида Парламентга киритилган)”, дейди Қозоғистон раҳбари.
Тўқаев Қурултойнинг биринчи сессияси очилишида депутатларга ушбу масалани кўриб чиқишни таклиф қилишини қўшимча қилган.
“Зотан, кўплаб илғор мамлакатлар томонидан шунга ўхшаш қадамлар аллақачон қўйилган. Менимча, биз ҳам оқибатларни бартараф этишдан болаларнинг психологик ҳолатига таҳдид солувчи омилларнинг олдини олишга ўтишимиз лозим, акс ҳолда бу жамиятдаги барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳукумат болаларни ҳимоя қилиш мақсадида контентни фильтрация қилиш бўйича чоралар кўриши керак. Бир қатор маълум ва етарлича холис сабабларга кўра фақат ота-оналарнинг масъулиятига таяниб бўлмайди. Шу сабабли ахборот иммунитетини таъминлай оладиган мажбурий болалар SIM-карталарини жорий этишни кенгайтиришни топшираман”, дейди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳам болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси