Июль ойида океанлар “қайнади”

World

image

2026 йил июль ойида океан юзасининг глобал ҳарорати ушбу ой учун тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етди, Ғарбий Европада эса аномал иссиқ ва қуруқ об-ҳаво ўрмон ёнғинларининг кўпайишига олиб келди. Бу ҳақда Европа Ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари маркази (ECMWF) ҳузуридаги Иқлим ўзгариши бўйича “Коперник” хизмати (C3S) июль ойидаги ҳарорат аномалиялари юзасидан эълон қилган ҳисоботида сўз боради.

Маълумотларга кўра, 2026 йил июль ойи кузатувлар тарихидаги иккинчи энг иссиқ июль бўлган. Энг юқори кўрсаткич 2023 йил июль ойида қайд этилган. Ўтган ойда дунё бўйича қуруқлик юзасининг ўртача ҳарорати 16,9 даражани ташкил этган. Бу 1991–2020 йиллардаги июль ойи ўртача кўрсаткичидан 0,67 даражага, 1850–1900 йилларни ўз ичига олган саноатлашувдан олдинги давр кўрсаткичидан эса 1,47 даражага юқори.

Европада экстремал ҳароратлар кузатилиб, қуруқлик юзасининг ўртача ҳарорати июль ойида 20,49 даражага етган. Бу 1991–2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,66 даража юқори. Шу билан бирга, Европа бўйича умумий ҳисобда 2026 йил июль ойи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ 11-июль бўлган. Ғарбий Европада эса вазият анча жиддий кечган.

Июнь ва июль ойлари Ғарбий Европа учун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ойлар сифатида қайд этилган. 2026 йил июль ойи минтақадаги тарихдаги учинчи энг иссиқ июль бўлган. Ғарбий Европадаги экстремал иссиқлик ва қуруқ об-ҳаво қитъада, айниқса Испания ва Францияда кенг кўламли ўрмон ёнғинларига сабаб бўлган.

Океан юзасининг ўртача ҳарорати эса июль ойида 20,96 даражага етган. Бу кўрсаткич ушбу ой учун кузатувлар тарихидаги энг юқори натижа бўлиб, глобал океан ҳарорати 2023 йилда қайд этилган аввалги рекорддан ҳам ошган.

Мутахассислар яқин ойларда Эль-Ниньо ҳодисасининг глобал океан ҳароратига таъсири янада кучайишини кутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европада кузатилаётган кучли жазирама бир қатор мамлакатларни фавқулодда чоралар кўришга мажбур қилгани хабар қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends