Испанияда поезд ҳалокати ортидан ҳукуматга қарши намойишлар бошланди (видео)

World

−

image

Испанияда 69 кишининг ўлимига сабаб бўлган поезд ҳалокатидан сўнг Мадридда юзлаб киши ҳукумат истеъфосини талаб қилиб намойишга чиқди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

 

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Толедо вилоятида икки тезюрар поезд тўқнашиб кетган эди. Ҳалокат жорий йилда Испанияда содир бўлган иккинчи йирик темир йўл фожиаси бўлди. Аввалги ҳалокатдан атиги тўққиз ой ўтгани мамлакатда темир йўл инфратузилмаси ва хавфсизлигига оид саволларни яна кун тартибига олиб чиқди.

Норозилик намойиши Испания Транспорт вазирлиги биноси олдида бўлиб ўтган. Унда асосан ўнг қанот қарашларини қўллаб-қувватловчи юзлаб киши қатнашиб, Бош вазир Педро Санчеснинг истеъфосини талаб қилган. Намойишчилар ҳукуматни инфратузилмага етарлича маблағ ажратмаганликда айблаган.

“Бу ҳукумат ҳамма нарсани, жумладан, инфратузилмани ҳам вайрон қилди”, деган намойишда иштирок этган ўта ўнгчи “Vox” партияси етакчиси Сантьяго Абаскаль.

Испания мухолифати етакчиси Альберто Нуньес Фейхоо ҳам ҳалокат юзасидан жавобгарликни аниқлашга чақирган. Унинг айтишича, фожиа сабаблари бўйича тўлиқ текширув ўтказилиши керак.

Бош вазир Педро Санчес эса ҳалокат юзасидан текширув ўтказилишини билдириб, аниқланган камчиликларни бартараф этишга ваъда берган. Унинг айтишича, тезюрар поездлар тизимига бўлган ишончни тиклаш учун хавфсизлик чораларини янада кучайтириш зарур бўлса, бу амалга оширилади.

Транспорт вазири Оскар Пуэнте эса мамлакат темир йўл тизими хавфли экани ҳақидаги айбловларни рад этган. У тизим ишончли ва хавфсиз эканини, бироқ ҳар қандай транспорт турида бўлгани каби техник имкониятлар ва инсон омили билан боғлиқ чекловлар мавжудлигини таъкидлаган. Вазир ўз лавозимидан кетиш-кетмаслиги ҳақидаги саволга ҳозир бу ҳақда гапириш вақти эмаслигини айтган.

Маълумотларга кўра, Испаниянинг тезюрар темирйўл тармоғи қарийб 4 минг километрни ташкил этади ва ҳажми бўйича дунёда Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Бироқ жорий йилнинг биринчи ярмида тезюрар поездлардан фойдаланиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камайган.

Эслатиб ўтамиз, фожиа жорий йилнинг 28 октябрь куни Мадрид – Севилья йўналишидаги Урда шаҳри яқинида содир бўлганди. Аввалига Урда станцияси ҳудудида содир бўлган фавқулодда ҳодиса оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди. Кейинчалик Испания ОАВлари темир йўл ҳалокатида ҳалок бўлганлар сони 50 кишига етганини хабар қилди. Шунингдек, камида 179 киши жароҳатлангани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев поездлар тўқнашуви оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Испания қироли Фелипе VI номига ҳамдардлик йўллади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends