Иш стажи кам бўлган пенсионерлар нега кўпаймоқда?

Local

image

Ўзбекистонда тўлиқ иш стажига эга бўлмаган ҳолда пенсияга чиқаётган фуқаролар улуши кескин ошган. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар қилди.

Қайд этилишича, аҳоли ўртасида норасмий меҳнатнинг кенг тарқалиши ва ижтимоий солиқнинг тўланмаслиги фуқароларнинг келгусидаги пенсия миқдорига салбий таъсир кўрсатмоқда.Амалдаги қонунчиликка кўра, тўлиқ пенсия тайинланиши учун эркакларга 25 йил, аёлларга эса 20 йил иш стажи талаб этилади. Агар фуқаронинг иш стажи белгиланган минимал талабга етмаса, унга мавжуд стажига мутаносиб равишда тўлиқ бўлмаган иш стажи билан пенсия тайинланади.

Пенсия жамғармаси келтирган маълумотларга кўра, 2010 йилда янги тайинланган пенсиялар орасида тўлиқ иш стажига эга бўлмаганлар улуши 6 фоизни ташкил этган. 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 61 фоизга етган. Яъни, бугун ҳар уч нафар янги пенсионернинг икки нафари тўлиқ иш стажисиз пенсияга чиқмоқда.

Умумий пенсионерлар таркибида ҳам тўлиқ иш стажига эга бўлмаган фуқаролар улуши ошган. Хусусан, 2010 йилда бундай пенсионерлар улуши 3 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 39 фоизга етган.

Шунингдек, пенсионерларнинг 47 фоизи 820 минг сўмдан 1 миллион сўмгача миқдорда пенсия олиши маълум қилинган.

Қайд этилишича, иш стажининг камайишига асосий сабаблар қуйидагилар:

  • норасмий ишлаш;
  • иш ҳақини “конвертда” олиш;
  • ижтимоий солиқ тўламаслик;
  • меҳнат фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатларни архивга топширмаслик;
  • айрим даврларда фуқароларнинг расмий иш билан қамраб олинмагани.

Пенсия миқдори расмий иш стажи, иш ҳақи ва тўланган ижтимоий солиқ миқдорига боғлиқ. Шу боис норасмий бандлик нафақат бугунги даромадга, балки фуқаронинг келгусида оладиган пенсиясига ҳам таъсир қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга кўчган тақдирда ҳам пенсия олишда давом этиши ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends