Энди ўзбекистонликлар Қирғизистонга кўчса ҳам пенсия олишда давом этади

Жамият

image

Энди Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга кўчган тақдирда ҳам пенсия олишда давом этади. Бу ҳақда кеча, 30 июль куни Қирғизистон Республикасининг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган олий даражадаги учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида имзоланган давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битимда белгиланди.

Мазкур битим икки давлат ҳудудида меҳнат қилган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Битимнинг асосий қоидалари:

  • ҳар бир давлат фуқаронинг ўз ҳудудида орттирган иш (суғурта) стажи учун пенсия тайинлайди ва тўлайди;
  • пенсия миқдори ҳар бир давлатнинг миллий қонунчилиги асосида, шу давлат ҳудудида ишлаган стаж, иш ҳақи ёки тўланган суғурта бадалларидан келиб чиқиб ҳисобланади;
  • бир давлатда тайинланган пенсияни пенсионер бошқа томон ҳудудида кўчган тақдирда ҳам олиш имконияти таъминланади;
  • икки давлат фуқароларига тенг ҳуқуқлар берилади, шунингдек дафн этиш нафақаси, тиббий-ижтимоий экспертиза, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва ваколатли органлар ўртасида ахборот алмашиш тартиблари белгиланади.

Битимнинг ўтиш қоидаларига мувофиқ, у кучга киргунга қадар орттирилган иш стажи миллий қонунчилик ҳамда 1992 йил 13 мартдаги МДҲ битими асосида инобатга олинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон икки давлат фуқароларини чегарани кесиб ўтганидан кейин 15 кун давомида мажбурий рўйхатдан ўтиш талабидан озод қилишга келишиб олгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг