Инфантино жанжал сабаб FIFA раҳбариятини фавқулодда йиғилишига чақирди

Sport

image

FIFA президенти Жанни Инфантино ташкилотнинг тижорат ва ташкилий активларини сотиш режаси атрофидаги танқидлар кучайганидан сўнг, FIFA раҳбариятини фавқулодда йиғилишига чақирди. Бу ҳақда “The Times” хабар берди.

Манбага кўра, йиғилиш бугун, 5 август куни Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтади. Манбаларнинг таъкидлашича, Инфантино сўнгги кунларда кескинлашган инқироздан чиқиш йўлини изламоқда.

Қайд этилишича, FIFA’нинг янги лойиҳасига қарши бир қатор юқори лавозимли амалдорлар, жумладан, глобал футболни ривожлантириш бўйича директор Арсен Венгер, FIFA бош котиби Маттиас Графстрём ҳамда Иордания футбол федерацияси президенти шаҳзода Али чиқиш қилган. Арсен Венгер мазкур ташаббуснинг бекор қилиниши “мутлақо зарур” бўлганини таъкидлади.

“Мен ушбу стратегик режани ишлаб чиқишда иштирок этмаганман ва бу ҳақда биринчи марта оммавий ахборот воситалари орқали эшитдим. Лойиҳанинг қайтариб олиниши зарур эди. Мен ўйинга ҳалол, шаффоф ва масъулиятли хизмат қиладиган мустақил FIFA ғоясига қатъий ишонаман”, дейди франциялик мутахассис.

FIFA бош котиби Маттиас Графстрём эса ходимларга йўллаган ички мурожаатида ўтган ҳафтани “ачинарли ва шармандали воқеалар силсиласи” деб атаган.

Шаҳзода Али эса танқидларни янада кескинлаштириб, ташкилот раҳбариятини “деярли шантаж билан чегарадош” вазиятни юзага келтирганликда айблади. Унинг фикрича, миллий ассоциацияларга мукофот пулларини тақсимлаш масаласи Жанни Инфантинони қайта сайловда қўллаб-қувватлаш билан боғлаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, можаро оқибатида дастлабки истеъфо ҳам кузатилди. FIFA’нинг стратегия ва глобал бошқарув бўйича катта маслаҳатчиси Карлос Кордейро лавозимини тарк этди.

У таклиф этилган лойиҳани “футбол учун ёмон келишув” деб баҳолаб, бу ташаббус “ўйиннинг келажагини хавф остига қўйиши”ни таъкидлади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends