Имтиҳондан йиқилган абитуриентларга “олтинчи йўналиш”га қабул бошланди
Local
−
13:12 1743 2 minutes
Аввалроқ, Олий таълим ташкилотлари департаменти бошлиғи Абдусамат Маманазаров абитуриентлар учун вакант ўринларга қўшимча танлов ўтказилиши ва уларга камида бештагача таълим йўналишини қайта танлаш имконияти берилишини айтган эди. Бугун, 22 август кунидан абитуриентларга мазкур қўшимча танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш бошланди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.
Қўшимча танловда кириш имтиҳонларида камида 56,7 балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар иштирок этиши мумкин. Бу имконият рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида ОТМ ва бакалавриат таълим йўналишини танламаган абитуриентларга ҳам берилади.
Қайд этилишича, жорий ўқув йилида 80 та олий таълим муассасасида 31 823 та вакант ўрин мавжуд.
Абитуриентлар 22 августдан 28 августгача (шу куни ҳам) агентликнинг my.uzbmb.uz платформаси орқали қўшимча танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтади. Бунда фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бўлган ҳамда вакант ўрин мавжуд бакалавриат таълим йўналишларини танлаш мумкин бўлади.
Маълум қилинишича, абитуриентлар вакант ўринларга тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда, базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади. Танлов якунлангач, тегишли қайдномалар шакллантирилиб, олий таълим ташкилотларига тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026/2027 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг 1-босқичига ўқишга тавсия этилган абитуриентлар талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза топширишлари мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All