Ўзбекистонда икки таълим вазирлиги бирлаштирилди

Local

−

image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти тегишли фармонни имзолади.

Қайд этилишича, ушбу ислоҳотнинг асосий мақсади мамлакатда таълим, тарбия ва илм-фаннинг яхлит тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш бўйича ишларни янги даражага олиб чиқишдан иборат.

Шунингдек, таълимнинг барча турлари ўртасидаги ўзаро узвийлик ва бардавомликни таъминлаш, мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача барча босқичларни ҳамда илмий фаолиятни қамраб олган ягона самарали бошқарув тизимини жорий қилиш, унинг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини ошириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони ва қарори билан Илҳом Тоҳирович Сирожев  Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Маълумот учун, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2022 йил 24 декабрда Президентнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сон фармонига асосан ташкил этилганди. У собиқ Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг бирлаштирилиши натижасида тузилган ва 2023 йил 1 январдан расман ўз фаолиятини бошлаган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудди шу 2022 йил 24 декабрдаги фармонга кўра, собиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигини бирлаштириш орқали ташкил этилган бўлиб, у ҳам 2023 йил 1 январдан эътиборан ягона вазирлик сифатида фаолият юритиб келаётганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends