Футбол ҳаками денгизда чўкиб, вафот этди
Sport
−
13:44 1715 1 minute
Туркиянинг Зонгулдак шаҳрида 34 ёшли собиқ футболчи ва ҳакам Ҳоқон Эргин чўмилиш тақиқланганига қарамай, Узункум соҳилида сувга тушиб, чўкиб кетди. Бу ҳақда “Anka” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, воқеа жорий йилнинг 9 август куни туш пайтида Капуз кўчасидаги Узункум соҳилида содир бўлган. Ҳоқон Эргин салқинлаш мақсадида денгизга тушган. Бироқ у кучли тўлқинлар орасида ғойиб бўлган.
Воқеа жойига соҳил қўриқлаш хизмати, тиббиёт ходимлари, полиция ва AFAD қутқарув гуруҳлари жалб қилинган. Қидирув ишлари натижасида Эргин очиқ денгизда топилган. У қайиққа олиб чиқилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шифокорларнинг барча уринишларига қарамасдан, Эргин Отатурк давлат шифохонасида вафот этган.
Фожиали хабарни эшитган Эргиннинг яқинлари шифохонага етиб борган. Воқеадан сўнг полиция нафақат Узункум соҳилини, балки бошқа соҳилларни ҳам одамлар учун ёпган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланд жанубида ўтказилган футбол учрашуви вақтида чақмоқ уриши оқибатида бир футболчи ҳалок бўлганди, яна 9 нафар спортчи жароҳат олган эди.
Live
All