FIFA Испания футбол федерациясини жазолади

Sport

−

image

Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Испания Қироллик футбол федерациясига (RFEF) Миср терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида мухлислар томонидан айтилган камситувчи шиорлар учун жазо чораларини қўллади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Ҳодиса 2026 йил 31 март куни Барселонадаги RCDE стадионида содир бўлган. Голсиз дуранг билан якунланган учрашув давомида айрим испаниялик мухлислар мусулмонларга қарши ҳақоратли шиорлар айтган.

Воқеа “Барселона” ва Испания терма жамоаси ҳужумчиси Ламин Ямалнинг муносабати туфайли алоҳида эътибор тортди. Мусулмон футболчи мухлисларнинг хатти-ҳаракатларини очиқ қоралаб, уларни ирқчилик кўриниши ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб атаган.

Текширув якунларига кўра, FIFA интизом қўмитаси Испания федерациясига 20 минг доллар жарима белгилади. Шунингдек, терма жамоанинг кейинги уйдаги ўртоқлик учрашувида стадиондаги томошабинлар ўриндиқларининг камида 15 фоизи ёпилиши керак.

Бироқ FIFA муқобил чорани ҳам кўриб чиқиши мумкин. Унга кўра, белгиланган ўриндиқлардан оилалар, талабалар ва камситишга қарши курашувчи ташкилотлар вакиллари фойдаланиши мумкин.

Испания федерацияси қарордан норозилигини билдириб, учрашув ташкилотчилари воқеага зудлик билан муносабат билдиргани ва ҳақоратли шиорларни тўхтатиш чораларини кўрганини таъкидлади. RFEF жазони ҳаддан ташқари қаттиқ деб ҳисобламоқда ва санкциялар устидан Спорт арбитраж судига (CAS) шикоят қилишни режалаштирмоқда.

Қайд этиш жоиз, FIFA интизом қўмитаси Испания федерациясининг дастлабки апелляциясини рад этган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends