Фарғонадан Тошкентга қўғирчоқ ичида “гашиш” олиб келаётган аёл ушланди
Crime
−
08:48 866 2 minutes
Тошкентда чақалоқ кўринишидаги болалар ўйинчоғи ичига “гашиш” яширган 56 ёшли аёл ушланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Нурафшон шаҳар ИИБ тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Nexia 3 автомобили тўхтатилиб, текширилди.
Текширув вақтида автомобилда бўлган, 1970 йилда туғилган Г.А. исмли аёлнинг буюмлари орасидаги чақалоқ кўринишидаги ўйинчоқ ходимлар эътиборини тортди. Ўйинчоқнинг вазни одатдагидан оғирроқ бўлгани сабабли у текширилди.
Натижада ўйинчоқ ичига 8 дона қадоққа жойланган, ҳар бири 100–150 граммдан бўлган “гашиш” моддаси яширилгани аниқланди.
Дастлабки суриштирувларга кўра, аёл гиёҳванд моддаларни Фарғона вилоятидан сотиб олиб, Тошкент шаҳрида сотиш мақсадида олиб келаётган бўлган.
Шунингдек, автомобиль ҳайдовчиси такси хизматини кўрсатиши ва аёлни биринчи марта кўраётганини билдирган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи фуқаронинг уйидан 1 килограмм 555 грамм кўкнори гиёҳвандлик воситаси аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All