Дунёда миллиардерлар сони рекорд даражада кўпайди
World
−
14:16 1220 2 minutes
Дунёдаги миллиардерлар сони 2025 йилда рекорд даражада кўпайиб, 3 795 нафарга етди. Бу эса бир йилда 8,2 фоизлик ўсишни англатади. Бу ҳақда “Altrata”нинг жорий йилги “Billionaire Census” ҳисоботида келтирилган.
Миллиардерларнинг жами бойлиги бир йилда 12,8 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 15,1 триллион долларга етган. Сўнгги ўн йилда эса уларнинг сони қарийб 60 фоизга кўпайган. Ҳисоботда қайд этилишича, миллиардерлар бойлигининг ўсишида сунъий интеллектга йўналтирилган инвестициялар муҳим роль ўйнаган. Сунъий интеллектга салмоқли сармоя киритган, миллиардерлар бойлигига энг катта ҳисса қўшувчи 150 та компаниянинг бозор капитализацияси 2024–2025 йилларда бундай инвестиция қилмаган компанияларга нисбатан 23 фоиз тезроқ ўсган.
Миллиардерлар сони бўйича АҚШ – 1 265 нафар билан биринчи ўринда. Хитойда 363 нафар, Германияда 221 нафар, Ҳиндистонда 191 нафар миллиардер бор.
Ҳудудлар кесимида эса Шимолий Америка етакчилик қилмоқда, яъни у ерда 1 337 нафар миллиардер истиқомат қилаётгани қайд этилган. Европада 1 081 нафар, Осиёда 881 нафар миллиардер бор.
Шунингдек, ҳисоботга кўра, кейинги ўн йилда миллиардерлар томонидан 6,6 триллион долларлик бойлик мерос қилиб қолдирилиши кутилмоқда. Бундан қарийб 5 минг нафар ворис – миллиардерларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етган фарзандлари манфаат кўриши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойи ҳолатига кўра, дунёдаги миллиардерлар сони ўтган 12 ой ичида 13 фоизга ўсиб, рекорд даражани қайд этгани ва 3 302 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All