Дубайдан Тель-Авивга учган самолёт фавқулодда олиб қочиш сигнали берди (видео)

World

−

image

Дубайдан Тель-Авивга учаётган Flydubai йўловчи самолёти фавқулодда олиб қочиш сигналини юбориб, Саудия Арабистони ҳудуди томон бурилди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.

Қайд этилишича, самолёт дастлаб халқаро фавқулодда ҳолатни билдирувчи 7700 кодини юборган. Шундан кўп ўтмай эса 7500 кодини берган. Мазкур код самолётни олиб қочиш ёки бортга ноқонуний аралашув ҳолатини англатади.

Шундан сўнг, Исроил Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилиб, йўловчи самолёти томон йўналтирилган. Исроил ОАВлари Бош вазир ва Мудофаа вазири фавқулодда маслаҳатлашув ўтказаётганини хабар қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт бортида тахминан 180 нафар йўловчи бўлган. Кейинчалик у парвозларни кузатувчи сайтларда кўринмай қолган.

Хабарларга кўра, самолёт Саудия Арабистонининг Табук шаҳри яқинида қайд этилган ва мамлакат ҳудудига қўниши кутилган. Исроил хавфсизлик манбалари самолёт қўнгач, бортда нима содир бўлганига аниқлик киритиш мумкинлигини билдирган.

Кейинги маълумотларга кўра, мазкур рейс FZ1073 бўлиб, самолёт Boeing 737 MAX 8 русумида бўлган. Унинг бортида 150 нафардан ортиқ исроиллик йўловчи бўлган. Шунингдек, самолёт олиб қочилгани ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбул аэропортида Эроннинг “Caspian Airlines” авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёти ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends