Истанбул аэропортида Эрон самолёти ҳибсга олинди

Олам

−

image

Кеча, 28 сентябрь куни Истанбул аэропортида Эроннинг “Caspian Airlines” авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёти ҳибсга олинди. Бунга Туркия компаниясининг 3 миллион евро миқдоридаги қарздорликни ундириш бўйича берган даъво аризаси юзасидан чиқарилган суд қарори сабаб бўлган. Бу ҳақда “Haber7” хабар берди.

Туркия ОАВлари маълумотларига кўра, лайнер учишга ҳозирланаётган бир вақтда EP-KPB рўйхатдан ўтиш рақами остида рўйхатга олинган самолётга кредитор – “ACM Temsil Gözetim” авиацияда вакиллик ва назорат қилиш компанияси манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳуқуқшунослар ҳамда суд ижрочилари яқинлашиб, ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорни топширган. Йўловчилар ва борт кузатувчилари самолётдан чиқарилиб, қайтадан терминалга юборилган.

Маълумот учун, “Caspian Airlines” – Теҳронда жойлашган, 1993 йилда ташкил этилган ва Эрон давлат авиация гуруҳи таркибига кирувчи авиакомпания. У ички ва халқаро йўналишларда, жумладан Истанбулга қатновларда Boeing 737 самолётларидан фойдаланади.

Эрон авиаташувчилари самолётлар, эҳтиёт қисмлар, техник хизмат кўрсатиш ва халқаро молия тизимларидан фойдаланишни чеклаб қўйган АҚШ санкциялари сабабли ўн йиллар давомида ўз паркларига хизмат кўрсатиш ва хорижий ҳамкорлар олдидаги молиявий мажбуриятларини бажаришда сурункали қийинчиликларга дуч келиб келмоқда. 

Февраль ойида бошланган АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш бу босимни янада кучайтирган: Эрон ҳаво ҳудуди бир неча бор ёпилди, халқаро йўналишлар қисқартирилди. Жорий йилнинг 22 сентябрь куни АҚШнинг Эрон авиация секторига қарши кенг қамровли иккиламчи санкциялари кучга кирди.

АҚШ Молия вазирлиги 8 сентябрь куни “Economic Outcast” операцияси доирасида Эроннинг 27 та авиакомпанияси ва улар билан боғлиқ тўққизта хизмат кўрсатувчи етказиб берувчига қарши санкциялар жорий этди. Вазирлик Эрон ташувчиларига хизмат кўрсатишни давом эттирадиган хорижий аэропортлар, ёқилғи етказиб берувчилар, ердаги хизматлар ва чипта агентликларининг ўзлари ҳам санкцияларга дучор бўлиши ва доллар тизимидан маҳрум этилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ушбу иккиламчи санкциялар Эрон фуқаро авиациясининг халқаро фаолияти кескин қисқаришига олиб келди: Эрон авиакомпанияларининг рейслари Ироқ, БАА, Озарбайжон ва Уммонда тўхтатилди. Бунинг ортидан Эроннинг энг йирик хусусий ташувчиси “Mahan Air” Туркия ва Уммонга парвозларни тўхтатди. 

“Lufthansa” ва “Austrian Airlines” ҳам Эронга рейсларини 24 октябргача тўхтатиб қўйди. “Qatar Airways” ҳаво ҳудудидаги чекловларни важ қилиб, парвозларни бекор қилди. Хитой, Россия ва Покистон Эрондан ва Эронга рейсларни амалга оширишни давом эттирмоқда.

Парвозларни кузатиш хизматлари маълумотларига кўра, Теҳроннинг бош аэропортидаги кунлик халқаро рейслар сони 28 сентябрь кунига келиб 80-90 тадан тахминан 41 тагача қисқарган. Теҳрон БМТ, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) ва БМТнинг Халқаро судига расмий шикоятлар юборган.

Туркия Эрон авиакомпанияларининг парвозларини расман тақиқламаган, шу сабабли самолёт ҳибсга олинган пайтда “Caspian Airlines” Истанбулга рейсларни амалга оширишни давом эттираётган бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон қўшни давлатлар АҚШ билан ҳамкорлик қилиб, Эрон рейсларини тўхтатса, уларнинг аэропортлари фаолиятини издан чиқаришини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг