Исроил Flydubai самолётини уриб туширмоқчи бўлган – ОАВ

World

−

image

Исроил капитанга ҳужум қилинган FlyDubai самолётини уриб туширишга тайёрланган. Бу ҳақда “CBS News” хабар берди.  

Қайд этилишича, Дубайдан Тель-Авивга учаётган самолёт Исроилга яқинлашган вақтда иккинчи учувчи борт командирига ҳужум қилиб, самолётни қулатишга уринган. Ҳужум оқибатида самолёт 14 минг футга пасайиб кетган.

Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари самолёт экипажи билан боғланишга уринган, бироқ жавоб бўлмаган. Шундан сўнг, олдиндан белгиланган тартиб асосида махсус қўмита ишга туширилган, қўмондонлик маркази ташкил этилган ва қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган.

Бироқ самолёт Исроилдан тахминан 400 мил узоқликда Саудия Арабистони томон бурилгач, Исроил қирувчиларни ортга чақирган. Саудия Арабистони ҳам ўз ҳарбий самолётларини ҳавога кўтарган.

Маълум қилинишича, самолёт капитани ҳужум қилган иккинчи учувчини қаршилик кўрсатиб, кабина эшигини очишга муваффақ бўлган. Шундан сўнг бир гуруҳ исроиллик йўловчилар ва FlyDubai ходимлари ҳужумчини зарарсизлантирган. Парвозда бўлган икки нафар ишдан ташқари учувчи эса самолётни бошқарувга олиб, Саудия Арабистонининг Табук шаҳрига фавқулодда қўндирган.

Манбаларга кўра, агар Flight 1073 Исроилга маълум масофагача яқинлашганида, мамлакат қирувчи самолётлари Иордания ҳаво ҳудудига кириб, самолётни текшириши керак бўлган.

Агар самолёт олиб қочилган деб топилса, ҳужумчи радиоалоқага чиқмаса ва ҳеч қандай талаб билдирмаса, Мудофаа вазири ҳамда Бош вазир иштирокида қарор қабул қилиниши кўзда тутилган. Протоколга кўра, бундай самолёт Исроил ҳудудига хавф туғдиришда давом этса, уни уриб тушириш мумкин. Бундай қарорни фақат Бош вазир қабул қилиши мумкин.

Шунингдек, Исроил терговига кўра, ҳужумни амалга оширган иккинчи учувчи самолётни Тель-Авивдаги Бен-Гурион аэропортига қулатишни олдиндан режалаштирган бўлиши мумкин. Дастлабки тергов ҳужумчи ёлғиз ҳаракат қилган бўлиш эҳтимолини кўрсатмоқда. Тергов давом этмоқда.

Flydubai самолёти бортидаги фавқулодда ҳодиса

Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари ҳаво кемаси томон ҳавога кўтарилган эди. Кейинчалик ҳаво кемаси Саудия Арабистонига қўнгани маълум бўлди. Бунинг ортидан Flydubai авиакомпанияси Исроил телевидениесига “Дубай—Тель-Авив” рейсидаги учувчилар ўртасида бортда мушталашув содир бўлганини хабар қилди.

Тез орада самолёт ичидан олинган дастлабки фото ва видеолар пайдо бўлди. Суратда, тахминларга кўра, ҳужумчи билан олишган йўловчи тасвирланган. Ҳукумат эса учувчилардан бири самолётни қасддан қулатишга уринган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни текширмоқда. Унинг ҳаракатларига иккинчи учувчи ва у билан олишувга киришиб, фалокатнинг олдини олган исроиллик йўловчилар чек қўйган деб тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, самолёт учувчиларининг фуқаролиги бўйича яна бир версия янгради. Россия ва Украина фуқаролиги ҳақидаги версиядан сўнг, учувчилар Уммон ва БАА фуқаролигига эга экани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Кейинчалик учувчилардан бири ҳужумдан сўнг пичоқ жароҳатлари оқибатида вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалди.

Оммавий ахборот воситаларида Украина ва Россиядан бўлган учувчилар йўловчи сифатида учиб кетаётгани ва Flydubai самолёти бошқарувини ўз қўлларига олишгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Кейинчалик Flydubai самолёти бортида ҳамкасбининг ҳужумидан жароҳат олган учувчи Ҳиндистон фуқароси Смит Маччхар экани маълум бўлди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends